ШУКРОНАЛИК – ИЙМОН АЛОМАТИ
Инсон ҳаётида берилган ҳар бир неъмат – Аллоҳ таолонинг марҳамати ва ҳикматидир. Биз кўпинча кўз ўрганиб қолган неъматларни оддий ҳол деб қабул қиламиз: соғлиқ, тинчлик, оила, ризқ, вақт. Аммо айнан шу “оддий” неъматлар қадрига етиш ҳақиқий шукроналикдир. Шукр фақат “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш эмас. Шукр уч нарса билан бўлади:
1. Қалб билан. Берилган неъмат Аллоҳ томонидан эканини тан олиш,
2. Тил билан. Аллоҳга ҳамд айтиш,
3. Амал билан. Неъматни ҳалол йўлда, яхшилик учун ишлатиш. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар шукр қилсангиз, албатта, сизларга яна зиёда қиламан” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ношукурлик – бу шукр қилмаслик, қаноатсизлик, берилган неъматлар, яхшилик ва имкониятларни қадрламаслик, уларни кўрмаслик ёки нонкўрлик қилиш ҳолати, яъни арабча “шукр” сўзига зид бўлиб, шукрона билдиришнинг йўқлигидир. Бу инсоннинг бор нарсага норози бўлиши, ўзгаларнинг яхшилигини тан олмаслиги ва ҳар доим ҳаммадан кўпроқни хоҳлашини англатади.
Ношукурлик инсонни руҳан қашшоқ қилади. Доимо нолийвериш, ҳар нарсани бошқалар билан таққослаш, “нега менда йўқ?” деган саволлар қалбни қоронғулаштиради. Ҳолбуки, инсон ўзида бор неъматларга қараши қалбга хотиржамлик бахш этади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Дунё ишларида ўзингиздан пастроқларга қаранглар, юқорироқларга эмас. Бу – Аллоҳнинг неъматларини кам санамаслигингиз учун яхшироқдир”. Исломда мўмин инсоннинг ҳолати ажойибдир: яхшилик келса шукр қилади, қийинчилик етса сабр қилади. Ҳар бир мусибат жазо эмас, балки синов, покланиш ёки даражани ошириш сабаби бўлиши мумкин. Инсон ҳар бир қийин ҳолатда: “Бу ҳам ўтиб кетади, Аллоҳ бундан ҳам яхшироқ ҳикмат тайёрлаб қўйган”, деб ишонса, қалби мустаҳкам бўлади. Доимо нолийвериш заиф иймон аломати. Ҳар бир майда муаммодан шикоят қилиш инсонни ҳам, атрофдагиларни ҳам чарчатади. Аксинча, кам гапириб, кўп шукр қилган инсон ҳурматга сазовор бўлади. Нолиш ўрнига дуо қилиш, сабр қилиш, ҳаракат қилиш мўминнинг йўлидир. Шукроналик қалбни бой қилади, сабр инсонни улғайтиради, ношукурлик эса неъматнинг кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бизларни берилган неъматларни қадрлайдиган, қийинчиликларда сабрли, ҳар ҳолда шукр қиладиган бандаларидан қилсин. Омин.
Жалолиддин Сабуров,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси директори,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
УЗ
РУ
EN
العربية