
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида 56-хатмона ўтказилди
2025 йил 23 июнь куни Бухоро шаҳрида жойлашган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида 56-хатмона ўтказилди. Ушбу 500 йиллик тарихий муассаса учун бу тантанали кун ҳар йили анъанага айланган бўлиб, бу галги хатмона ҳам юксак руҳда ва маънавий муҳитда бўлиб ўтди.

Тадбирда юртимиздаги таниқли уламолар, диний соҳа олимлари, профессор-ўқитувчилар, имом-хатиблар, таълим муассасасининг фахрий устозлари ҳамда битирувчи талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Бу – нафақат битирувчилар учун, балки бутун муассаса жамоаси учун ҳам шарафли ва хотираларга бой кун бўлди.
Тантана Қуръони карим тиловати билан бошланди. Мазмунан теран ва қалбни ўзига ром этувчи тиловатдан сўнг, муассаса мудири Жалолиддин домла Сабуров сўзга чиқиб, маросим иштирокчиларини қутлади. Жалолиддиндомла муассасанинг кейинги йиллардаги ютуқлари, битирувчиларнинг илм йўлидаги интилишлари ва уларнинг мусулмон жамиятида тутган аҳамияти ҳақида гапириб ўттдилар.

“Мир Араб мадрасаси асрлар давомида илм-маърифат устида қурилган, маънавият маскани сифатида яшаб келмоқда. Бугун эса ана шу улуғ анъаналарнинг ворислари – сиз азиз битирувчиларни табриклаш мен учун катта шараф”, – Ж.Сабуров.

Хатмона маросимининг яна бир муҳим қисмини битирувчи талабалар томонидан ўқилган Мавлиди шариф ташкил этди. У орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ва эҳтиром ифодаланди. Устоз Абдуғофур Раззоқ Бухорий томонидан ўқилган дуои хайр барчани руҳлантирди ва битирувчиларга илм йўлида барака ва муваффақиятлар тилаб қолинди.

Анъанага мувофиқ, хатмона якунларида битирувчи талабаларга салла ва яктак кийдирилди. Бу маросим – битирувчи йигитларнинг исломий илм соҳасидаги масъулиятини ёдга солувчи ва уларнинг келгусидаги фаолиятига маслакдорлик рамзи сифатида қаралади. Ҳар бир битирувчига алоҳида дуо қилинди ва уларга илм йўлида собитқадам бўлишлари тиланди.

Битирувчиларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, фарзандларига илм ўргатган, тарбия берган устозларга самимий миннатдорчилик изҳор этишди. Улар бу куни ота-она сифатидаги ифтихор ва севинчини яширишмади.
Тадбир якунида устоз ва талабалар ташаккурномалар билан тақдирланди. Бу тақдирлаш наинки уларнинг меҳнатига берилаётган баҳо, балки келгусидаги фаолиятларига ҳам руҳий таянч бўлди.

Мир Араб матбуот хизмати