
Мир Арабда иззатли меҳмон: Шайх Аллоҳшукур Пошшозода мадрасани зиёрат қилди
Бугунги кунда мусулмон оламида нуфузли ўринга эга бўлган, Кавказ мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий, шайх ул-Ислом Аллоҳшукур Пошшозода ҳазратлари Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюрдилар. Мазкур ташриф пайтида мадраса раҳбари Жалолиддин домла Сабуров ҳамда муассасанинг фахрий устозлари шайхга ҳамроҳлик қилиб, таълим даргоҳининг бугунги фаолияти, ўқув жараёнлари ва талабалар ҳаёти билан яқиндан таништирдилар.
Шайх Аллоҳшукур Пошшозода юртимизга илгари ҳам бир неча маротаба ташриф буюрган бўлиб, ҳар гал ўзининг илм йўлидаги илк қадамларини бошлаган табаррук маскан – Мир Араб мадрасасини албатта зиёрат қилиб, устозлари ва таълим олган хотираларини ёдга олади.
Маълумот учун:
Шайх Аллоҳшукур Пошшозода 1949 йил 26 август куни Озарбайжон Республикасининг Ленкоран тумани Жил қишлоғида таваллуд топган. Мактабни тамомлаганидан сўнг, 1968 йили 19 ёшида Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кириб, диний илмларни улуғ устозлардан таълим олди. Мадрасани муваффақиятли якунлаб, Тошкент ислом институтида таҳсилни давом эттирди ва 1975 йили институтни тамомлади.
Ўша йилнинг ўзида Кавказ мусулмонлари идорасига масъул котиб ва кейинчалик раис ўринбосари сифатида ишга қабул қилинди. 1979 йилнинг ёзида эса Кавказ мусулмонлари диний идорасининг раиси этиб сайланиб, шайх ул-ислом унвони билан фаолият юритиб келмоқда.
Шайх Пошшозода 1985 йилдан Иордания қироллиги академияси, 1988 йилдан Умумжаҳон Ислом конгресси маслаҳатчилар ҳайъати аъзоси сифатида танилган. 1992 йили Кавказ халқлари диний арбоблари томонидан Кавказ мусулмонлари олий маслаҳатчиси сифатида сайланган. Шунингдек, 2004 йилдан буён БМТ қошидаги Халқаро диний маслаҳатчилар кенгашида ҳам фаол иштирок этмоқда.
2009 йил ноябр ойида Озарбайжонда унинг 60 ёш тўйи ва Кавказ мусулмонлари раҳбари бўлиб ишлаётганига 30 йил тўлиши муносабати билан катта тантанали тадбир ўтказилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва илмий муассасалари билан доимий равишда алоқада бўлиб келаётган шайх Аллоҳшукур Пошшозода 2010 йилда Тошкент ислом институтида талабалар билан учрашув ўтказган пайтида. Унда шундай деган эди:
“Мен бу юртда устозларимдан нафақат китоб, балки ҳаёт сабоқларини ўргандим. Коммунистик тузум даврида диний таълим берган устозлар ва таълим олган талабалар қаттиқ назорат ҳамда тазйиқ остида эди. Бухоро ва Самарқандда бўлиб, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси, Мир Араб мадрасаси, Шоҳи Зинда ва бошқа зиёратгоҳларни зиёрат қилдим. Деярли барча жойлар тубдан ўзгарган, гўзал ва озода ҳолда. Албатта, бу давлатнинг илтифоти ва эътиборидир. Шуни ишонч билан айтаманки, ҳамма давлатда ҳам ўз дини ва аждодларига бундай гўзал муносабатда бўлишавермайди. Бундай неъматнинг қадрига етишингиз зарур. Мен кўп давлат бошлиқлари билан учрашганман. Ватанига ва динига рағбати бўлган, ватанини, халқини ва динини ўйлайдиган иккита давлат раҳбарини кўрдим: Юртбошингиз Ислом Абдуғаниевич Каримов жаноблари шуларнинг биридир.” дея таъриф берган.





Билим юрти матбуот хизмати