09.04.2025

Амир Темур

Амир Темур (1336-йил 9-апрель – 1405-йил 18-февраль) – ўрта асрларнинг буюк саркардаси ва давлат арбоби бўлиб, Темурийлар империясининг асосчиси ҳисобланади. Унинг туғилган жойи ҳозирги Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғидир. Амир Темур туркий барлос қабиласидан чиққан бўлиб, ёшлигидан ҳарбий маҳорати ва етакчилик қобилияти билан ажралиб турган.
1370-йилда у Мовароуннаҳрда ҳокимиятни қўлга киритиб, кейинги ўн йилликларда Яқин ва Ўрта Шарқ, Жанубий Осиё ҳамда Кавказда кенг кўламли ҳарбий юришлар олиб борди. Унинг қўшинлари Олтин Ўрда, Мамлуклар сулоласи, Усмонлилар империяси ва Деҳли султонлиги каби кучли давлатларни мағлубиятга учратган. Амир Темур ўзининг ҳарбий юришлари давомида 4,4 миллион км² ҳудудни эгаллаб, ўз даврининг энг қудратли давлатларидан бирини барпо этган. 
Амир Темур нафақат забардаст саркарда, балки илм-фан, маданият ва меъморчиликнинг ҳомийси сифатида ҳам танилган. Унинг ҳукмронлиги даврида Самарқанд шаҳри илм-фан ва маданият марказига айланган. Шунингдек, унинг фармойиши билан кўплаб меъморий обидалар, жумладан, Шоҳи Зинда мажмуаси, Биби Хоним масжиди ва ўзининг мақбараси – Гўри Амир қурилган. 
Амир Темурнинг шиори "Куч адолатда" бўлиб, у бошқарувида адолат ва тартибни таъминлашга интилган. 1405-йилда Хитойга юриш чоғида Ўтрорда вафот этган ва Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасига дафн этилган. Бугунги кунда Амир Темур ўзбек давлатчилигининг асосчиларидан бири сифатида ёдга олинади. 


АЛИЕВ Дилшод,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби 
манбалар асосида тайёрлади