
Миллийлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз
Миллийлик ҳар бир миллатнинг ўзига хослиги, қадр-қиммати ва маънавий устуни ҳисобланади. Ҳар бир халқнинг тарихи, маданияти ва анъаналари унинг бетакрорлигини белгилаб беради. Миллийлик нафақат ташқи кўриниш, кийим-кечак ёки урф-одатларда, балки инсоннинг қалбидаги ғурур, юрагидаги муҳаббат ва онгидаги тарихий хотирада мужассамдир.
Миллий қадриятларни асраш – бурчимиз, бугунги кунда глобаллашув жараёнлари дунё халқларини бир-бирига яқинлаштираётган бўлса-да, айрим ёшлар ўз миллий илдизларидан узоқлашаётгани кузатилмоқда. Бу эса ўзлигини англаш, ўз миллатининг тил ва маданиятини қадрлаш эҳтиёжини янада кучайтиради. Миллийликни асраш – унинг келажагини таъминлаш билан баробардир. Миллат ўз қадриятлари, урф-одатлари ва тилини йўқотса, унинг келажак авлодларга узатиладиган маънавий бойлиги камаяди.
Миллийлик ва унинг аҳамияти ҳақида муҳокама қилиш, ёш авлод онгида миллий ғурур ва ўзликни англаш ҳиссини кучайтириш мақсадида Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда устозлар, талабалар ва зиёлилар иштирок этди. Тадбир давомида миллийликнинг исломий қадриятлар билан узвий боғлиқлиги, уни асраш ва келажак авлодларга етказиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда сўз олганлар миллий қадриятларни сақлаш, ёшларга ватанпарварлик руҳини сингдириш ва уларни миллий анъаналар асосида тарбиялаш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, маданиятимиз ва анъаналаримизнинг дин ва маънавият билан боғлиқлиги, уларни асраб-авайлашда ҳар бир инсон масъул экани қайд этилди.

-xl.jpg)

-xl.jpg)
А.Нажмиддинов,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари