
Абул Муин ан-Насафийнинг ҳаёти
Туғилиши ва илмга кириши
Абул Муин ан-Насафий 1027 (418 ҳижрий) йили Насаф шаҳрида туғилган. Унинг тўлиқ исми Абул Муин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад ибн Макҳул ан-Насафийдир. У дастлабки таълимни Насафда олган ва илмий асосларни шакллантиришда оиласи катта таъсир кўрсатган. Унинг отаси Муҳаммад ал-Макҳул ҳам илоҳий илмларга ихтисослашган олимлардан бўлиб, ўғлининг ақидавий билимларини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаган.
Ан-Насафий ўз илмий изланишларини давом эттириш учун Самарқанд ва Бухоро каби Мовароуннаҳрнинг йирик илм марказларига йўл олган. У ердаги машҳур уламолар билан мулоқотда бўлиб, мотуридия калом мактабининг асосий йўналишларини чуқур ўрганди. Насафийнинг каломий таълимотдаги қарашлари унинг мотуридия мактабининг етук давомчисига айланишига сабаб бўлди.
Тарихий манбаларга кўра, Абул Муин ан-Насафий ҳаётининг маълум қисмида Бухорода фаолият юритган ва бу ерда «Табсират ал-адилла» номли шоҳ асарини ёзган. Унинг қабри Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган бўлиб, бу унинг ҳаётининг охирги йилларини туғилган юртида ўтказганидан далолатдир.
________________________________________
Насафийнинг фаолияти ва ижтимоий-сиёсий муҳит
Абул Муин ан-Насафий ХИ асрнинг ўзига хос сиёсий ва диний қарама-қаршиликлар даврида фаолият юритган. У муътазилия, қадария ва бошқа адашган оқимларга кескин раддиялар бериб, Мовароуннаҳрда аҳли сунна вал жамоа таълимотининг мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшган. Унинг бу хизматини «Ҳақиқат қиличи» (Сайфул Ҳақ) унвони билан эътироф этишган.
Абул Муин ан-Насафий ўз асарлари орқали ақида ва фиқҳ соҳасидаги зиддиятларни ҳал этишга интилади. Унинг каломий қарашлари мотуридия таълимоти асосида шаклланган бўлиб, у ақл ва нақлнинг ўзаро уйғунлигини ёритишга алоҳида эътибор қаратган. Аллоҳ таолонинг қудрати ва инсонинг иродаси ҳақидаги масалаларда Насафий мотуридия мактаби нуқтаи назарини мустаҳкамлаб, унинг муқобил мактаблардан устунлигини кўрсатган.
________________________________________
Асосий асарлари ва илмий мероси
Абул Муин ан-Насафийнинг асарлари исломий илм-фаннинг турли соҳаларида, жумладан, калом, ақида ва фиқҳда муҳим ўрин тутади. Унинг асарларидан фақат учтаси бизнинг давримизгача етиб келган:
• «Табсират ал-адилла»
• «Китоб ат-Тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид»
• «Баҳр ал-калом»
Ушбу асарлар орасида «Табсират ал-адилла» алломанинг энг машҳур ва йирик асари бўлиб, мотуридия таълимоти асосларини чуқур ёритган. Асарда муътазилия, қадария, жабария каби оқимларга раддия берилиб, аҳли сунна вал жамоа таълимотининг софлигини ҳимоя қилувчи асосий далиллар келтирилган.
«Табсират ал-адилла» асарининг аҳамияти ҳақида Насафийнинг замондошлари ҳам юқори баҳо берган. Абул Муин ан-Насафийнинг шогирди Нуруддин ас-Собуний шундай деб ёзади:
“Мен «Табсират ал-адилла» асарини ўқиб чиққанимда унга тенг келадиган асар йўқлигига ишонч ҳосил қилдим.”
Асарнинг бир қисмида мотуридия таълимотининг асосчиси Имом Мотуридийнинг «Китоб ат-тавҳид» асарига мурожаат қилиб, унинг ақидавий асосларини шарҳлаш билан бирга, ақлий далиллар орқали ислом ақидасини ҳимоя қилиш йўли тушунтирилган.
________________________________________
Абул Муин ан-Насафийнинг аҳамияти
Абул Муин ан-Насафийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти калом илми ва мотуридия таълимоти тарихида ўзгача аҳамият касб этади. Унинг илмий мероси нафақат ўтмишда, балки бугунги кунда ҳам аҳамиятлидир. Насафий асарларида келтирилган далиллар ва баҳслар исломнинг ақидавий софлигини ҳимоя қилишда ҳозирги замонда ҳам муҳим маънавий қуролдир.
Унинг асарларини ўрганиш орқали мусулмонлар ўтмишдаги буюк олимлардан сабоқ олишлари ва диний билимларини мустаҳкамлашлари мумкин. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:
«Аллоҳ олимлар даражасини юксак қилади» (Мужодала: 11).
﴿ يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ ﴾
Аллоҳ таоло унга раҳмат қилсин ва унинг ишларини оғир тарозуга қўйсин. Омин.
Жаҳонгир ХУДОЙҚУЛОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси