02.12.2024

Соғлом эътиқодни шакллантиришда мотурийдия таълимотининг ўрни

Имом Мотурийдий роҳимаҳуллоҳнинг айтган сўзларидан иқтибос келтириб ўтсак:
– "Дуода қўлларни юқорига кўтариш бандаликка оид хусусиятдир. Кўзлар осмонга қаратиш ҳикматини Аллоҳнинг ўша тарафда эканлиги билан боғлиқ эканлигига ишонган киши, намозда ва шунга ўхшаш (сажда) вақтида назарини ерга қаратганда Аллоҳнинг Ернинг остида эканлигига ишонган киши кабидир. 
Яна у намозда Қиблага юзланиш учун тўғрига ёки ғарбга, ёки ҳаж ибодати учун Маккага юзланган киши Аллоҳнинг ўша тарафда эканлигига ишонган кишига ўхшаб қолади. 
Аллоҳ эса бу нарсаларнинг барчасидан муназзаҳ (покдир). Аллоҳ таоло наздида ҳеч бир тараф бошқа тарафдан янада яқин ёки илми билан қамраб олишга қулайроқ эмас. Маҳлуқотлар Унга етишиши учун бирор тарафни танлаш қудратига эга эмаслар...
Ҳеч бир кишининг зеҳнида тарафларниинг бири ёки бошқаси орқали Унга етишиш фикри келмайди, фақатгина Аллоҳни тўғри танимаган кишигина (бундай адашиши мумкин)." (Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ. Тавҳид китоби).
Айрим тоифалар Аллоҳ таолонинг юқори тарафда эканлигини исботлаш учун, "дуоларимизда қўлимизни осмонга кўтарамиз" деб ақлий далил келтирмоқчи бўлади. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари динда ақлий далилларга суянмаслик кераклигини даъво қиладиган кишилар эди. Ана шундай кишиларнинг "ақлий" далилларига Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ юқоридагидек фикрлар билан раддия беради.
– "Аллоҳ таоло "У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир" ояти билан маҳлуқотларга ўхшашликни Ўзидан нафий қилган (яъни рад қилган). Биз аввалроқ У зот ишларида ва сифатларида маҳлуқотларга ўхшашдан муназзаҳ (пок) эканлигини айтиб ўтгандик. 
Шунинг учун, "Роҳман Аршга истиво қилди" (20:5) оятини ҳам, ваҳий орқали Аллоҳга нисбат берилган сифатлардаги ўхшашликни (юқоридаги оятга кўра) Ундан нафий қилгани каби (яъни, истивони бандаларга ўхшашликдан нафий қилган ҳолда) англаш керак.

Чунки, бу масалада (яъни, Аллоҳнинг сифатларида ўхшашлик нафий қилиниши ҳақида) (биринчи ўринда) ваҳий (нақл) келган ва (иккинчи ўринда) ақл билан ҳам бу исботланган... Биз Аллоҳнинг истивода нимани ирода қилган бўлса, ўшанга иймон келтирамиз".
(Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ, Тавҳид китоби).
Мана шу аҳли суннат вал жамоа эътиқодидир. Имом Мотуридий ҳар бир сўзи ва далилини мана шундай қилиб аввал нақл, сўнгра ақл билан исботлаб берганлар. Зотан нақл соғлом ақлга зид бўлмас.

Саъдуллаев Сирожиддин,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси.