22.11.2024

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида "Ҳадислар билимдони" танлови ўтказилди

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари ўртасида, Имом Термизий меросини ўрганиш, муҳаддислар ҳаёти ва ижоди, Қуръон ва ҳадис илмлари бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган "Ҳадислар билимдони" танлови ўтказилди. Ушбу тадбир илмий ва маърифий соҳада янгича ёндошувни намойиш этиб, исломий таълимнинг муҳим жиҳатларини янада чуқурроқ ўрганишга ундашни мақсад қилди.
Танловни ўтказиш жараёнида таълим муассасасининг устозлари,  ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Исматилло Холназаров Устоз Улуғбек Насриддин ўғли, Шаҳзод Рамазонов ва Анвар Турғунбоевлар, томонидан бошчилик қилинди. Уларнинг тажрибаси ва билимлари танловнинг муваффақиятли ўтишига хизмат қилди. Танлов давомида талабаларнинг Имом Термизий асарлари, ҳадис илмига қўшган ҳиссаси, шунингдек, Қуръон ва ҳадис илмлари бўйича саволларига жавоб беришлари сўралди. Бу орқали уларнинг илмий қизиқиши ва чуқур билимга бўлган эҳтиёжини янада ошириш мақсад қилинган эди.
Танловнинг якунида иштирокчиларнинг билимлари баҳоланди ва ғолиблар тақдирланди. Биринчи ўринни Нуруллаев Бекзод эгаллади. Иккинчи ўрин Усмон Абдусамиъ ўғлига насиб этди, учинчи ўрин эса Абдулбосид Содиқжоновга тақдим этилди. Шунингдек, танловда иштирок этган барча талабаларга эсдалик совғалар топширилди.
Танлов натижалари нафақат ғолибларни, балки барча иштирокчиларни илмга бўлган қизиқишини кучайтиришга, илмий фаолликни оширишга ва ҳадис илми бўйича билимларини янада чуқурлаштиришга ундашга ёрдам берди. Ушбу тадбир шунингдек, талабаларнинг диний ва илмий салоҳиятини ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб, уларга келажакда илм-фан ва маданиятни ривожлантириш йўлида катта ёрдам беради.
"Ҳадислар билимдони" танлови, ўзининг илмий ва маърифий аҳамияти билан, талабаларга илмий ўсиш учун янги имкониятлар яратган муҳим тадбир сифатида эсда қолади. Танловни ташкил этишда кўрсатилган меҳнат ва эътибор талабаларга нафақат ўз билимларини синовдан ўтказиш, балки Имом Термизий ва бошқа машҳур муҳаддисларнинг илмий меросини чуқурроқ ўрганиш имкониятини яратди.


Таълим муассасаси матбуот котиби Дилшод Алиев.