19.08.2024

ИСТИҚЛОЛ – ҲУРРИЯТ ДЕМАКДИР

Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик шодиёна тўйига қизғин ҳозирлик кўрилаётган ушбу шукуҳли кунларда халқимиз босиб ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, бугунги фаровон ҳаёт, улкан ютуқ ва марралар замирида халқимиз манфаатлари йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассам экани намоён бўлади. Бунинг барчаси Истиқлол шарофатидан.
Истиқлол, ҳурлик, озодлик тушунчалари барча халқлар учун алоҳида қимматга эга. Негаки, ана шу улуғ неъмат туфайли ҳар бир халқ ўз ривожланиш йўлини танлайди, ўз тақдирини ўзи белгилайди, улкан марралар сари дадил интилади. Шу боис, бутун халқимиз Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган кунни катта шодиёна, тантана билан нишонлайди.
Истиқлол шукуҳи кезиб юрган юртда тинчлик-омонлик, хотиржамлик, осудалик ҳукм суради. Бундай юртда катта зафарлар амалга оширилиб, улуғвор режалар тузилади. Янги тараққиёт босқичига ўтилади, бу борада мустаҳкам тамал тоши қўйилади. Барча жабҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммо ва камчиликлар бартараф этилади, иқтидорлар юзага чиқади, муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламда ислоҳотлар олиб борилади. 
Ҳар бир миллат, xалқ учун озод, эркин, мустақил бўлиб яшаш, энг катта баxт. Мустақиллик куни биз учун энг улуғ, энг азиз байрамдир. Ҳар бир жамиятнинг келажаги унинг ажралмас қисми ва ҳаётий зарурати бўлган таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Бугунги кунда мустақил тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимизнинг узлуксиз таълим тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, янги сифат босқичига кўтариш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги барчамизга сир эмас. 
Бугунги кунда халқимиз мустақилликнинг моҳияти ва аҳамиятини аввало ўзлигимизни англаш, биз кимларнинг, қандай буюк зотларнинг авлоди эканимизни чуқур идрок этиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги руҳида яшаш, истиқлол ғояларини юртдошларимиз, хусусан, келажагимиз ворислари бўлмиш ёш авлод қалби ва онгига янада теран сингдириш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг асосий ва муҳим шарти, миллий тараққиётимиз кафолати сифатида қабул қилаётгани алоҳида эътиборга молик.
Истиқлол шукуҳи, байрам сурури бизни яхши ниятлар, эзгуликлар сари ундайверсин. Юртимиздан тинчлик-хотиржамлик, халқимиздан соғлик-саломатлик, хонадонимиздан қут-барака, дастурхонимиздан тўкин-сочинлик, қалбимиздан қувонч ва шодлик, юзимиздан табассум ҳеч қачон аримасин.

Мақсуд Акромов,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси