21.05.2024

Қуръон карим мусобақаси ўтказилди.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Ўзининг мўъжиз Каломи шарифида: "Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик....", дея марҳамат қилган Аллоҳ таборак ва таолога битмас-туганмас мақтовлар бўлсин. 
Жавомиул-калим сифати билан безанган зоти шариф эса ўз сўзларида: "Сизларнинг энг яхшиларингиз Қурьонни ўрганиб уни (бошқаларга ҳам) ўргатганларингиздир", дея лутф қилган суюклигимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот-у саломлар бўлсин.
Маълумки, охирги йилларда юртимиз мўмин-мусулмонлари орасида Қуръони Каримни ўрганиш, уни ёдлаш, маъноларини билишга қизиқиш ва муҳаббат ортиб бормоқда. Юртимиздаги ўнлаб расмий диний таълим муассасаларида ҳам Қуръон илмларига моҳир устозлар томонидан Қуръони Карим таълими кенг йўлга қўйилган бўлиб, бу уриниш ва ҳаракатлар тез фурсатда ўз самарасини бераётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Жумладан, кўҳна ва тарихий Бухоро шаҳрининг  қоқ марказида жойлашган 500 йиллик тарихга эга илм даргоҳи бўлган Мир Араб ўрта-махсус ислом таълим муассасида ҳам бу амалиёт йўлга қўйилган бўлиб, таълим муассасаси Қуръони Карим ва тажвид фани фидоий устозларининг меҳнатлари натижасида 2021-2024 йиллар мобайнида 30 нафардан зиёд талабалар Ҳофизи-Қуръон бўлиш бахтига мушарраф  бўлдилар. Ана шу Ҳофизи Қуръонлар ва билим юртимизнинг нав ниҳоллари бўлган биринчи курс талабалари ўртасида 20.05.2024 санасида 2023-2024 ўқув йили Қуръони Карим мусобақаси ўтказилди. Мусобақа икки йўналишда ташкил этилди:
1. Қуръони Каримни тўлиқ ва мукаммал ёд олган талабалар ўртасида ҳифз йўналиши.
2. Биринчи курс талабалари ўртасида 30-жуз бўйича ҳифз мусобақаси.
Ҳар икки йўналишни ҳам таълим  муассасамизнинг ижозали ва тажрибали Қуръони карим устозлари Диёрбек Қори Аҳмедов ва Анвар Қори Каримовлар баҳолаб боришди. Мусобақа жуда ҳам юқори савия ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Ушбу мусобақага Мир Араб ўрта-махсус ислом таълим муассасаси мудири Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлар бўйича мудир ўринбосари Исматуллоҳ домла Холназаров, маьнавият ва маьрифат ишлари бўйича мудир ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддинов ҳамда таълим муассасаси ўқитувчи ва ходимлари ҳам ташриф буюриб, ўз таклиф-мулоҳазалари, дуо-ю кўрсатмаларини бериб боришлари тадбирни янада файзли ва шукуҳли ўтишига сабаб бўлди.  
Биринчи йўналиш-тўлиқ ва мукаммал ҳифз йўналиши бўйича таълим муассасасининг 5 нафар мураттаб қорилари ҳамда 30-жуз ҳифзи йўналиши бўйича эса, 1-курс талабаларидан 12 нафар иштирокчи саралаб олинган бўлиб, мусобақада барча қатнашувчилар муносиб ва гўзал тарзда иштирок этдилар. Якунда эса ҳакамлар қуйидагича натижалар билан ғолиб ва совриндорларни аниқлаб бердилар.

Тўлиқ ва мукаммал ҳифз йўналиши:

                       1-ўрин: Абдулқодиров Муҳиддин, 3-курс талабаси 235 балл.
                       2-ўрин: Ҳамидов Муҳаммад Али, 4-курс талабаси 211 балл.
                       3-ўрин: Илҳомов Исломбек,  4-курс талабаси 195 балл.

30-жуз ҳифзи йўналиши:
                            1-ўрин: Собиржонов Асадбек, 1-курс талабаси 317 балл.
                            2-ўрин: Сулаймонов Сухроб, 1-курс талабаси 311 балл.
                            3-ўрин: Боқижонов Икромжон, 1-курс талабаси. 299,5 балл.


Шундан сўнг, таълим муассасамиз мудири Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Исматуллоҳ домла Холиқназаров, маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддинов ҳамда Нарзуллоҳ домла Аҳмедовлар томонидан ғолиб ва совриндорларга ҳамда барча иштирокчиларга қимматбаҳо ва эсдалик совғалар топширилди. 
2023-2024 ўқув йили Қуръон мусобақаси тадбири юртимиз ва бутун дунё мўмин-мусулмонлари ҳаққига хайрли дуолар билан ўз ниҳоясига етди.

 

Мир Араб ўрта-махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мираббос Мирбобоев.