24.12.2023

Қишки таътил олдидан талабаларга керакли тавсиялар берилди

Бугун талабаларга қишки таътил олдидан керакли тавсияларни бериш, ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2023 йил 6 декабрдаги 01А/157-сонли мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида талабаларнинг қишки таътил муддатини белгилаш ҳамда таътил даврини мазмунли ўтказиш бўйича тегишли тавсия ва тушунтиришлар бериш борасидаги буйруғини етказиш мақсадида билим юрти барча ўқитувчи ва талабалар учун йиғилиш бўлиб ўтди. Буйруққа биноан бошқа ўқув дароҳларидаги каби Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 2023-2024 ўқув йилидаги қишки таътил даври 2023-йил 24-декабрдан 2024-йил 7-январгача, дарс машғулотларининг бошланиши 2024-йил 8-январ этиб белгиланди.

        Йиғилишда билим юрти мудири Жалолиддин домла Сабуров Ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Исматулло домла Холназаров ва Услубий бўлим бошлиғи Шаҳзод домла Рамазонов, гуруҳ раҳбарлари, устоз ва талаблар қатнашди. Йиғилишда қишки таътилга кетиш олдидан талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларда ҳаракатланиш қоидалари, мобил телефонлари ва бошқа хотира қурилмаларини кўрикдан ўтказиш ҳамда ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланмаслик бўйича тушунтириш ва тавсиялар берилди.


Билим юрти ётоқхона ва синфхоналар 2023-йил 24-декабрдан 2024-йил 7-январгача ёпилгани, у ерда дизинфексия ишлари олиб борилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, талабаларнинг таътилдалик чоғларида билим юрти устозлари учун замонавий педагогик технологиялар ва методлар, ҳамда ихтисослик фанлари бўйича қисқа муддатли ўқув семинари ўтказилиши ҳам белгилаб қўйилди.


        Тадбир сўнгида биринчи семестирда талабалар учун белгиланган тўгарак машғулотларини аъло баҳоларда бажарган талабалар билим юрти раҳбарияти томонидан тақдирландилар. Талабаларнинг сафарлари бехатар бўлишини тилаб дуойи хайрлар қилинди.  

Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби