ШАЙХ ЭШОН БОБОХОН ИБН АБДУЛМАЖИДХОН
Ҳижрий 1276 йили (милодий 1856) Тошкентда диний уламо оиласида таваллуд топган. Отаси Абдулмажидхон эшон таниқли олим, машҳур «Мўйи Муборак» мадрасаси мударриси, бобоси Юнусхон ибн Айюбхон мударрис ва шайҳулислом бўлишган. Эшон Бобохон дастлаб уйда отасидан, сўнгра Бухородаги Мир Араб мадрасасида машҳур устозлардан, хусусан, Домла Икромчадан таҳсил олди. Тиришқоқлиги, ақл-заковати боис тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ билимдони бўлиб етишди. Бир неча йиллар «Мўйи Муборак» жомеъида имом-хатиб ва мадрасада мударрис бўлди. 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний назорати раиси, муфтий этиб сайланди.
У кишининг ташаббуслари билан 1946 йили Бухорода Мир Араб мадрасаси қайта очилади. Ўша йиллари мусулмонлар вакилларининг ҳаж сафарига боришлари йўлга қўйилди, масжидлар ҳақида низом ишлаб чиқилди, диний бошқарма кутубхонасига асос солинди, халқаро алоқалар кенгайди. Ҳазрат саксон йилдан ортиқ умрларини Ислом динининг тарғиботига бағишладилар.
1957 йили Тошкентда вафот қилди. Исмоил Қаффол Шоший қабрлари ёнига дафн этилган.