03.12.2022

ШАҲОБИДДИН МЎМИНОВ

Шаҳобиддин Мўминов (Шаҳобиддин қори) 1892 йилда Андижон шаҳридаги Тўқмоқ маҳалласида деҳқон оиласида таваллуд топган. У ёшлигида шаҳар марказида жойлашган Жоме мадрасасининг яқинидаги қорихонада Қуръони каримни ёд олади.
    1950 йили Шаҳобиддин қори Мир Араб мадрасасига мудир этиб тайинланади. У кишининг мудирлик даврида мадрасада талай ўзгаришлар амалга оширилди: талабаларнинг таълим ва тарбиясига эътибор янада кучайди, мадрасадаги яшаш шароити яхшиланди. Халқ орасида билим юртининг нуфузи ортди, шунга яраша мадрасанинг даромади ҳам ошди. Тушган маблағлар эвазига мадраса учун янги ошхона, хўжалик ишлари хоналари ва таҳоратхона қурилди, барча ҳужралар ва синф хоналарига электр тармоғи олиб кирилди. 
Ўз ҳаётидаги яна бир воқеани у шундай эслайди: 1967 йили Покистонда бўлиб ўтган қорилар кўригида биринчи ўринни мисрлик Шайх Абдулбосит қорига беришди. Бир куни меҳмонхонада эдим, олдимга Шайх Абдулбосит қори кириб келди. Мен билан салом-алик қилгач, Қуръон ўқиб беришимни сўради. Тиловат қилиб бердим. “Энди фалон сурадан ўқиб бергин”, - деди, ўқиб бердим. “Фалон жойини ҳам”, - деди, яна ўқидим. Шунда у: Қироатинг асл экан. Кимдан таълим олгансан?” - деб сўради. Мен айтдим. У таҳсин айтди. Мен: “Биринчиликни сизга беришди-ку?” - деган эдим, у киши: Биринчиликни менинг овозимга беришди”, - деди-да кулиб қўйди”.
Шаҳобиддин қори тиловат қилишдагина эмас, балки Қуръон, илмидан таълим беришда ҳам моҳир эди. XX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёда машҳур бўлган Мубин қори Аминов ҳамда 1967 йилда Покистонда бўлиб ўтган жаҳон қорилар кўрик-танловида 2-ўринни олган Раҳматуллоҳ қори Қосимов ҳам тажвид қоидалари ва арабий қироатни Шаҳобиддин қоридан ўрганишган.
1957-1958 ўқув йилининг бошида Шаҳобиддин қори яна Мир Араб мадрасасига мудир этиб тайинланади. Бироқ кейинроқ раҳбарликни топшириб, Қуръони карим қироати, араб тили грамматикаси ва муҳоварадан дарс берган. Шаҳобиддин қори Мўминов 1975 йилнинг 8 ноябрь куни Тошкентда дунёдан кўз юмган. Жанозасини муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ўқиган. Тошкентдаги Шайх Зайниддин қабристонига дафн қилинган.