29.11.2022

АҲМАДЖОН БОБОМУРОДЗОДА

Аҳмаджон Бобомуродзода (Аҳмаджон домла) 1946 йилнинг 31 январь куни Самарқанд шаҳрида дунёга келган. У 1964 йилда ўрта мактабни тугатиб, 1966 йили Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. 1971 йили мадрасадаги таҳсилини муваффақиятли якунлаб, ТИИга киради. Институтнинг илк қалдирғочлари қаторида 1975 йилда ўқишни муваффақиятли тамомлайди.
Аҳмаджон домла 1973 йилда, ҳали ўқиб юрган кезларида Тошкент шаҳридаги Олмазор масжидига имом-хатиб қилиб тайинланади. Бир йилдан сўнг Тошкент вилояти Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига ишга ўтади (1974 й.). 1980 йилда муфтий Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг топшириғи билан Тошкент шаҳридаги Жўрабек жоме. масжидига имом-хатибликка ўтказилади. Бу ерда у ўттиз йилга яқин эл хизматида бўлди. Аҳмаджон домла, шунингдек, 1989 йилдан бошлаб ТИИнинг малакали ва жонкуяр мударрислари қаторида ишлаб келмоқда.У бугунгача кўплаб шогирдлар етиштирган.Айни пайтда халқ хизматидаги имомларнинг аксари унинг шогирдларидир.
Аҳмаджон домла 1983 йили илк бор муборак ҳаж сафарига борган. Шу йили нақшбандия тариқати пири Хожа Шайхиддинга шогирд тушади. У устози билан Исмоил қоридан тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмларидан сабоқ олган. Ҳозирда Аҳмаджон домла Ўзбекистоннинг кўзга кўринган уламоларидан. У кўплаб китоблар муаллифидир. Унинг “Ислом одоби ва маданияти”, Исломга қайтиш”, “Камолот сари”, “Ҳаж йўриқлари”, “Нажот, шифо ва бойлик келтирувчи дуолар”,“Ислом одоби ва ахлоқи”, “Комил инсонлар йўлидан”, “Қўша қаринглар”, “Соф исломий ақида” ҳамда “Илоҳий тақсимот” каби китоб ва рисолалари бор.