02.12.2022

АБДУЛҲАМИД МАҲДУМ ЧУСТИЙ

1947 йилда Мир Араб мадрасаси мудири Ҳожи Акбар Муҳиддинхонов вафот этгач, унинг ўрнига Абдулҳамид махдум тайинланади. Мадрасанинг ўқув ишлари бўйича мудири Ғуломжон Изомий билан биргаликда ўқув дастурлари, дарс жадваллари, ўқув режаси каби услубий ишларни йўлга қўйишда бош бўлади. 1950 йили ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.
Абдулҳамид махдум Қуръон, ҳадис ва бошқа диний билимларни яхши билган. Сўзлари Жомий, Фузулий, Навоийдан келтирилган шеърий иқтибослар билан музайян, баъзида ўзи тамбурни қўлга олиб, ғазалхонлик ҳам қилиб кетаверадиган очиқ кўнгил, хушсуҳбат киши бўлган. Девона тахаллуси билан ғазаллар ёзган.
Мир Араб мадрасасининг 1951 йилги битирувчилари орасида энг пешқадами бўлган Исҳоқ махдум Соттиев ўзининг “Мажмуат ал-ахлоқ” китобида мадрасага ўқишга боргани ва у ерда устозлар Абдулҳамид махдум Чустий ва Муҳаммадхон махдум Ўшийдан дарс олганини ёзади. “1978 йили меҳнат таътилига чиқиб, аввал Тошкентга, кейин Душанбега самолётда бориб, Хожа Яъқуб Чархий масжидларига тушдик, - деб хотирлайди у. - Масжидда бир кеча ётиб, пайшанба куни мавлоно Яъқуб Чархий зиёратларига чиқиб, пешин намозини ўша масжидда ўқидик. Ундан кейин Хожа Яъқуб масжидларида ётиб, эртаси Абдулҳамид махдум Чустий домламизнинг ўғиллари Абдулжабборхоннинг уйларида нонушта қилдик”. Демак, Абдулҳамид махдумнинг фарзандларидан баъзилари Душанбе шаҳрида муқим яшаб қолган. Чустдаги хонадонида ҳозирда Абдулҳамид махдумнинг набираси истиқомат қилади. Мир Араб мадрасасида таҳсил олган яна бир ўғли Темурхон Чустда тикувчилик қилиб умр кечирган.
Абдулҳамид махдум 1952 йили қамоққа олинган (сабаби номаълум) ва бир йил ўтиб, 1953 йилда Тошкент вилоятининг Олмалиқ туманидаги қамоқхонада оламдан ўтган.