29.11.2022

ОЛИМХОНТЎРА ШОКИРХОНТЎРА ЎҒЛИ

Олимхонтўра Шокирхонтўра ўғли 1882 йили Баласоғун (ҳозирда Қирғизистондаги Тўқмоқ) шаҳрида таваллуд топган. Унинг отаси Шокирхонтўра асли андижонликдир. Қўқон хони Худоёрхон Қирғизистон ҳудудида яшовчи халқлар орасида шариат аҳкомларини мустаҳкамлаш ниятида у ерга ўз хизматидаги уламолардан бир нечаси, жумладан, Шокирхонтўрани ҳам жўнатади ва шу тарзда у Тўқмоқ шаҳрида муқим ўрнашади. Олимхонтўра дастлабки таълимни отаси Шокирхонтўрадан олади. Олимхонтўра кейинроқ, йигитлик даврида, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида ҳам ўқийди. Етти йиллик ўқишни битириб келганидан сўнг Тўқмоқ шаҳрида отаси қурган масжидда имомлик қилади.
Октябрь инқилобигача Олимхонтўра етук уламо сифатида таълим ва нашр ишларида фаол иштирок этган. Хусусан, 1914 йилда Туркистон уламолари томонидан нашр қилинган “Ал-Ислоҳ” журналининг таъсис этилиши ва нашр қилинишида Олимхонтўранинг хизмати катта. У Бухорода ўқиб юрган кезлари талабалар орасида араб тили дарслигига эҳтиёж кўплиги, дарслик топиш мушкуллигини кўрган эди. Шунинг учун 1915 йилда “Мифтоҳун-наҳв” (“Наҳв калити”) номли китоб чоп эттиришга муваффақ бўлади. 1919 йили Олимхонтўра Қўқон мухторияти ҳукумат аъзоси этиб сайланади. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати қурултойида (1943 й.) Олимхонтўра президиум аъзоси ҳамда Қирғизистон қозиси этиб тайинланади. 
Олимхонтўра Шокирхонтўра ўғли 1966 йилгача Қирғизистон қозиси бўлиб ишлаган. У1966 йилнинг 23 сентябрь куни вафот этган. Жанозасини укаси Алихонтўра Соғуний ўқиган. Қирғизистоннинг Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳридаги Ава-арча қабристонига дафн этилган.