28.11.2022

АСРОРҚУЛ МАВЛОНҚУЛОВ

 Асрорқул Мавлонқулов 1939 йилнинг 19-февралида Қўқон шаҳрида зиёли оилада туғилган. У 1957-1962 йиллари Бухородаги Мир Араб ва Тошкентдаги Бароқхон мадрасаларида таълим олган. Мир Араб мадрасасининг 3-босқичида ўқиётганда Асрорқул Мавлонқулов диний назоратнинг йўлланмаси билан Марокашдаги Каравейн халқаро университетининг шариат факультетига ўқишга юборилади (1962 й.). У шунингдек, 1961-1965 иилларда ҚДПИнинг тарих факультетида сиртдан ўқиган. 
Асрорқул Мавлонқулов 1965 йили Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига аввал ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари, кейинроқ директор этиб тайинланади. Бу даврда мадрасанинг иситиш тизими қурилади, дарс жараёни тубдан ўзгартирилиб, тизимли равишда ишлайдиган ҳолга келтирилади. Асрорқул Мавлонқулов ғайрат-шижоати хушмуомаласи билан тез орада устоз ва талабаларнинг ҳурматини қозонади. У Бухородаги Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидан тушадиган даромад ҳисобидан мадраса талабаларини моддий рағбатлантириб турган. У 1967 иилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига масъул котиб этиб тайинланади. 1971 йили диний назорат қошида имомлар малакасини ошириш курси ташкил этилади. Асрорқул Мавлонқуловнингташаббуси ва муфтий Зиёвуддинхон ибн Бобохоннинг саъй-ҳаракати билан ушбу курс Тошкент Олий мадрасасига (кейинчалик Тошкент ислом институти деб номланган) айлантирилади. Асрорқул Мавлонқулов унинг биринчи раҳбари этиб тайинланади.
Асрорқул Мавлонқулов 1975 йили яна диний назоратнинг масъул котиби вазифасига тайинланади. 1977 йилнинг февралида ўлкамиз зиёратчилари сафида Асрорқул Мавлонқулов ҳам ҳаж сафарига боради.Улар зиёрат асносида Жаҳон Ислом Уюшмасининг VIII сессиясида иштирок этишади. Қайтгач яна уз юмушларга шўнғийди. Шу йилнинг 27 март куни 39 ёшли Асрорқул Мавлонқулов жияни Юсуфжон Маҳмудовнинг қўлида тўсатдан жон таслим қилади. Унинг жаноза намози Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон имомлигида ўқилган. Қўқон шаҳридаги Шайхон қабристонига дафн этилган.