Гусман Исҳоқов
Гусман Гумарович Исҳоқов 1957 йил 25 май куни Қозон шаҳрида таваллуд топган. У 1964-1974 йилларда она шаҳрида 129-ўрта мактабда ўқиган. Ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач (1975-1977), 1978-1982 йилларда Мир Араб мадрасасида таҳсил олади. Ватанига қайтиб, собиқ Иттифоқнинг Ғарбий қисми ва Сибир мусулмонлари диний бошқармасининг масъул котиби вазифасига тайинланади. Кейинчалик ўз соҳаси бўйича ўқишни давом эттириб, 1984-1985 йилларда Ливиядаги Ислом университетининг шариат факультетида таълим олади.
Гусман Исҳоқов 1985-1994 йилларда Октябрск шаҳридаги марказий масжид имом-хатиби, 1991-1994 йилларда Нур ул-ислом мадарасаси ректори, 1994-1998 йилларда Татаристон Республикаси муфтийсининг 1-ўринбосари бўлиб ишлаган. У 1997 йилда Россия ижтимоий фанлар академиясининг фахрий академиги номига муносиб кўрилди.
Гусман Исҳоқов 1998 йил 14 февралда бўлиб ўтган мусулмонларнинг таъсис қурултойида Татаристон Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий этиб сайланади. У 2000 йилдан Қозон муфтияти мусулмон диний ташкилотлар ассоциясининг марказлашган ташкилоти раиси, 2005 йилда Евроосиё ислом уюшмаси вице-президенти, 2006 йилда Татаристон жамоатчилик палатаси аъзоси, Россия муфтийлар уюшмаси раисдоши бўлиб ишлади. Гусман Исҳоқов 2011 йилдан буён нафақада.