21.11.2022

ҲАБИБУЛЛОҲ СОЛИҲ

Ҳабибуллоҳ Солиҳ (Салиев Ҳабибуллоҳ Исмоилович) 1949 йили Тожикистоннинг Ваҳш туманида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, 1968-1973 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасида, 1973-1975 йилларда ТИИда таҳсил олади. Ўқишни битиргандан сўнг Ҳабибуллоҳ Солиҳ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати кутубхонасида ва “Совет Шарқи мусулмонлари” журналида техник муҳаррир бўлиб ишлайди (1976-1982). Диний назорат йўлланмаси билан 1982-1987 йилларда Иордания Қироллиги университетида ўқийди. Қайтгач, яна диний назорат кутубхонасида ишлайди (1987-1989).
Ҳабибуллоҳ Солиҳ Ўрта Осиёда аждодлар кашф этган, Қуръонни кўчиришда қўлланиладиган насх, буйруқ ва фармонларни ёзишда ишлатиладиган тавқе, мактубга хос риқо ва бошқа хат услубларини мукаммал эгаллаган моҳир хаттотдир. Исмоил махдум Соттиев, Абдуғафур Раззоқов (Бухорий) унинг хаттотлик йўналишида устозларидир. Қолаверса, бобоси Домла Солиҳ Каримов Бухоро амирлигида хаттот котиблардан бўлган. Ҳабибуллоҳ Солиҳ кўплаб хорижий мамлакатларда ўтказилган танловларда қатнашган.У 1996 йили Истанбулда ўтказилган Халқаро хаттотлар беллашувида кучли ўнликдан ўрин олган. Шунингдек, 1999 йили Покистоннинг Лаҳор шаҳрида ўтказилган II Халқаро хаттотлар фестивалининг 2-ўрин совриндори, “Парвин қалам” унвони соҳибидир. Ҳабибуллоҳ Солиҳ 2002 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган.
Моҳир хаттот ва уламо Ҳабибуллоҳ Солиҳ 1998 йилдан эътиборан Узбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзосидир. У мазкур академиянинг кумуш медали билан тақдирланган. 2001-2003 йилларда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтида ишлаган. 1999 йилдан ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ТИУда илмий ходим, ўқитувчи, университет манбалар хазинасида хаттот бўлиб ишлаб келмоқда.