17.11.2022

ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ

 Мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрелда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида таваллуд топган. У ўрта мактабни тугатгач, 1970 йилда Бухоро шаҳридаги  Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. 1971 йилда  ТИИ очилганида, шу даргоҳда илм таҳсилини давом  эттиради. 1975 йили институтни тамомлаб, "Совет Шарқи мусулмонлари" журналига ишга киради. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси йўлланмаси билан  1976-1980 йилларда Ливияда, Исломий даъват университетида ўқиб қайтади. 1980 йилдан диний назоратнинг ташқи алоқалар бўлимида иш фаолиятини давом эттиради ҳамда ТИИда тафсир, ҳадис илмидан ва араб тили фанидан дарс беради. Мазкур институтда дастлаб проректор, сўнгра 1987-1989 йилларда ректор бўлиб ишлайди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон  мусулмонлари диний назоратининг 1989 йилдаги Умумий қурултойида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф диний назорат раиси, муфтий этиб сайланади. Шу йили собиқ Иттифоқ Олий кенгашига депутат бўлиб сайланади. У Иттифоқ делегацияси таркибида бир неча давлатларга сафар қилган. Иш фаолияти давомида бор диққат-эътиборини собиқ Иттифоқ мусулмонларининг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятни тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга қаратди. 
1997 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Саудия Арабистонидаги халқаро ташкилот – Робита ал-олам ал-исломий таркибидаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ишлаш бўлимига раҳбар этиб тайинланади. Умрининг охиригача ушбу ташкилот бошқарув кенгашининг доимий аъзоси бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Робита ал-олам ал-исломийнинг таъсис мажлиси, Бутун дунё Тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутун дунё Даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши, Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи мукаррамадаги Бутун дунё Муфаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё Масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси каби халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиб фаолият юритди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф диний илмларни ривожлантириш йўлида самарали ижод қилган олимлардандир. Шайхнинг 100 зиёд илмий-маърифий асарлари мавжуд. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йил 10 март куни Тошкентда вафот этди. Жаноза намозини фарзанди Исмоилхон Муҳаммад Юсуф ўқиди. Тошкентдаги Шайх Зайниддин қабристонига дафн қилинди.