16.11.2022

Габдулла Галиуллин

Габдулла Сафович Галиуллин 1954 йилнинг 2 сентябрида Қозон шаҳрида тавуллуд топган. У 1961-1971 йилларда ўрта мактабда, 1971-1972 йилларда Москва Энергетика институти Қозон филиалининг кечки бўлимида ўқийди. Шу йилда Қозон мотор ишлаб чиқариш бирлашмасида чилангар бўлиб ишга киради. Орада армия сафида бўлиб қайтгач (1973-1975), Қозон таксопаркида авточилангар бўиб ишлайди ва институтда ўқишини давом эттиради. Бироқ, ўқишини тугата олмайди.
Шундан кейин 1978-1983 йилларда Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда ТИИда ўқиб, диний илмларни пухта ўрганади. Ўқишни битирганидан сўнг Габдулла Галиуллин 1987-1990 йилларда Қозон шаҳридаги Маржоний, 1990 йилдан Нурулло масжидларида имомлик қилади. 1992-1998 йилларда Татаристоннинг биринчи муфтийси ҳамда Татаристон Республикаси мусулмонлари Маънавият бошқармасининг раиси бўлиб ишлайди. У 1994 йилнинг бошида Россия мусулмонлари диний бошқармаларининг Бош мувофиқлаштирувчи маркази раиси, 1996 йил июнида эса “Татаристон мусулмонлари” ҳаракати раиси этиб сайланади.
Габдулла Галиуллин 1998 йилдан Татаристон Республикаси мусулмонлари диний бошқармасининг уламолар кенгашини бошқарди.