16.11.2022

Умар Идрисов

Умар Юсупович Идрисов 1954 йил 1 январь кунида Горький шаҳрида туғилган. Татар миллатига мансуб. Ўрта мактабни тамомлаб, шаҳар корхоналарида ишлайди, армияда йигитлик бурчини ўтаб қайтади. У 1980-1983 йилларда Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда ТИИда таҳсил олган. У “Бухоро хотиралари” китобида Ўзбекистон тупроғида ўтган талабалик йилларини шундай тасвирлайди: “Ўзбекистон – менинг қалбимда!” Ўша даврнинг ажойиб онлари, қизиқарли воқеалари, юқори савиядаги таълим хотирамда абадий қолган. Ўзбек йигитлари, менинг курсдошларим, ҳаётдаги ҳақиқий ислом маданияти қандай эканлигини менга кўрсатиб беришган. Улар каттага ҳурмат, кичикка иззат билан муомала қилишарди. Мана бу ҳақиқий мусулмончиликдир!
Ўзбекистонда 7 йил яшадим. Бу йилларда бир оғиз дағал сўз эшитмадим. Кечаларида Тошкент кўчаларида бемалол сайр қилиш мумкин эди: аэропортга борар эдим, ҳеч ким чертмади ҳам, безорилик ҳам қилмади.
Ўзбекистон мен учун Ислом маданиятининг бир намунасидир. Фақат назарий эмас, балки ҳаётий муомалаларда ҳам: ҳурмат, тартиб, одамгарчилик, бошқаларга қўлидан келган ёрдамини аямайдиган одамлар юрти сифатида таассурот қолдирган.
Умар Идрисов Нижний Новгород жоме масжидини қурилиши ташаббускорларидандир (1988 й.) 1991 йилдан бошлаб шу масжиднинг имом-хатиби, 1993 йилдан Нижний Новгород ва Нижегород вилоятидаги мусулмонлар диний идорасининг раиси бўлиб ишлайди. 1994 йилдан унинг бошчилигида Моҳинур мадрасаси қуриб битказилади ва дастлабки талабалар қабул қилинади. Унинг ташаббуси билан 2001 йилда Тавба масжиди, 2005 йилда Ҳ.Фаизханов номидаги Нижегород ислом институти, 2006 йилда Ислом маданияти маркази очилган. У Имом Абу Ҳанифа фондининг президенти, Халқаро Славян Фанлар академиясининг профессори (1997 й.), Россиянинг Европа қисми ва Сибирь мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосаридир.