МУНАВВАР ҚОРИ AБДУРАШИДХОНОВ
Мунаввар қори 1878 йили Тошкентнинг Дархон маҳалласида мударрис оиласида таваллуд топган. Аввал Тошкентдаги мадрасада, кейин эса Бухородаги машҳур Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Жамият равнақида илм-фан ва маориф муҳим ўрин тутади деб ҳисоблаган ва европача таълим усулларидан илҳомланган Мунаввар қори 1902 йили ўз уйида янги усул мактабини очишга муяссар бўлади. Диний билимлар билан чекланмай, фаннинг турли йўналишларида сабоқлар ташкил этади. Кейинчалик у бундай мактабларни Тошкентнинг яна бир неча даҳасида ташкил этди. Шунингдек, бир қатор мактаб дарсликларига муаллифлик қилади, китоб савдоси билан шуғулланди ва хусусий нашриёт уйига раҳбарлик қилади. Матбуотчилик фаолияти мобайнида “Хуршид” газетасига асос солди, “Нажот” ва “Кенгаш” газеталари бош муҳаррири ҳамда ўша даврнинг илғор маҳаллий нашрларидан бўлмиш “Садои Туркистон” газетаси муҳаррири лавозимларида фаолият юритди.
Мунаввар қори жамият равнақи мезонларидан бири сифатида театрга ҳам алоҳида аҳамият қаратган. Саҳна санъатини долзарб ижтимоий масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратувчи ва халқ дунёқарашини ўзгартирувчи восита деб билди. Консерватив кучларнинг қаршиликларига қарамай, Мунаввар қори Ўрта Осиёда замонавий театрни ташкил этиш ва ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Ўтган асрнинг 20-йилларида Мунаввар қори миллий истиқлол ғояларини тарғиб этган “Миллий иттиҳод” ва “Миллий истиқлол” номли ташкилотларга бошчилик қилди. Эрксевар зот 1931 йилда ҳибсга олиниб, қатл этилган.