Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги Қонун
Ўзбекистон Республикасининг ҚОНУНИ
Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 майда қабул қилинган
Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни, шунингдек диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солишдан иборат.
2-модда. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик
Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
диний таълим муассасаси – муайян конфессияга мансуб бўлган, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчиларини ва улар учун зарур бўлган диний ходимларни тайёрлаш учун диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи томонидан ташкил этилган муассаса;
диний ташкилот – фуқароларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш мақсадида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган кўнгилли бирлашмаси (маҳаллий диний ташкилот, диний таълим муассасаси ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи);
диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи – бир конфессиянинг маҳаллий диний ташкилотлари, шунингдек диний таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта маъмурий-ҳудудий бирлигида (Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятда, Тошкент шаҳрида) рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган маҳаллий диний ташкилотлар томонидан ташкил этилган диний ташкилот;
маҳаллий диний ташкилот – Ўзбекистон Республикасининг тегишли тумани (шаҳари) ҳудудида доимий яшаётган, ўн саккиз ёшга тўлган, эллик нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташаббуси билан ташкил этилган, фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, ва Тошкент шаҳри, туман ёки шаҳар ҳудудида амалга оширувчи диний ташкилот (масжидлар, черковлар, синагогалар, ибодатхоналар ва бошқалар);
миссионерлик – аниқ мақсадга қаратилган мафкуравий таъсир ўтказиш орқали шахсни (бир гуруҳ шахсларни) ўз динига киритиш мақсадида унга (уларга) диний қарашларни мажбуран сингдиришга ва диний таълимотни тарқатишга доир фаолият;
қонунга хилоф диний фаолият – диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш;
диний профессионал таълим – диний таълим муассасаларида ўқувчиларга маълум бир конфессияга оид диний билимлар беришга қаратилган жараён;
прозелитизм – миссионерлик фаолиятининг бир конфессияга эътиқод қилувчиларни бошқа конфессияларга ўтказишга қаратилган шакли.
2-боб. Виждон эркинлигини таъминлаш асослари
4-модда. Виждон эркинлигини таъминлаш
Виждон эркинлиги – бу фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.
Фуқаро динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод қилмасликка, ибодатларда, диний расм-русумлар ва маросимларда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка, диний таълим олишга нисбатан ўз муносабатини белгилаётганда уни у ёки бу тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди.
Вояга етмаганларни уларнинг хоҳиш-иродасига, ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг хоҳиш-иродасига зид тарзда диний ташкилотларга жалб этишга йўл қўйилмайди.
Ўз динига эътиқод қилиш ёки ишониш эркинлигига нисбатан фақат қонунда назарда тутилган чекловлар татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, урушни, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилиш, фуқароларнинг соғлиғи ва ахлоқига тажовуз қилиш, фуқаролар тотувлигини бузиш, вазиятни беқарорлаштирувчи туҳматдан иборат уйдирмаларни тарқатиш, аҳоли ўртасида саросима уйғотиш ҳамда шахс, жамият ва давлатга қарши қаратилган бошқа ҳаракатлар содир этиш мақсадида диндан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
5-модда. Виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари
Виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари қуйидагилардан иборат:
фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратиш;
конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш;
виждон эркинлигини таъминлашда дунёвий давлат қурилишини сақлаб қолиш;
виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликка фуқаролар ҳамда диний ташкилотлар томонидан риоя этилишини таъминлаш;
жамоат тартибига, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита виждон эркинлигини, шунингдек виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликнинг амалда изчил ҳамда бир хил тарзда қўлланилишини таъминлашга доир чораларнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади).
6-модда. Фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилиги
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, динга муносабатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва динга эътиқод қилиш эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланади ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Расмий ҳужжатларда фуқароларнинг динга нисбатан муносабатини кўрсатишга йўл қўйилмайди.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини уларнинг динга муносабатига қараб ҳар қандай тарзда чеклаш ва тўғридан-тўғри ёки билвосита устунликлар белгилаш, уларнинг диний ёки атеистик эътиқоди билан боғлиқ ҳолда фуқароларда адоват ва нафрат уйғотиш ёхуд уларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, худди шунингдек муқаддас диний эътиқод объектларини таҳқирлаш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан ҳеч ким ўз диний эътиқодларини сабаб қилиб бўйин товлаши мумкин эмас. Диний эътиқодларини сабаб қилиб, бир мажбуриятни бажаришни бошқасига алмаштиришга фақат қонунда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирор-бир устунликлар ёки чекловлар белгилашга йўл қўйилмайди.
7-модда. Диннинг давлатдан ажратилганлиги
Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотлар ва давлат органларининг фаолияти ўзаро аралашмаслик асосида амалга оширилади.
Давлат турли динларга эътиқод қиладиган ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ақидапарастлик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.
Давлат конфессияларнинг тинч-тотув яшашига кафил бўлади. Миссионерлик ва прозелитизмни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Давлат диний ташкилотлар зиммасига давлатнинг бирор-бир вазифаларини бажаришни юкламайди, уларнинг қонунчиликка зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди. Диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармайди. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятини молиялаштирмайди ва динга эътиқод қилувчиларнинг дин билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлайдиган фаолиятга йўл қўймайди.
Ўзбекистон Республикасида диний руҳдаги сиёсий партия
ва бошқа жамоат бирлашмасининг, республикадан ташқарида тузиладиган диний партиялар ваколатхоналари ва филиалларининг ташкил этилишига ҳамда фаолиятига, сиёсий партиялар ва сиёсий мақсадларни кўзловчи бошқа жамоат бирлашмалари фаолиятида диний ташкилотларнинг иштирок этишига, шунингдек уларга молиявий ёки бошқа ёрдам кўрсатишига йўл қўйилмайди.
8-модда. Таълим тизими ва дин
Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилгандир.
Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи, уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, таъминланади.
Ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга.
Диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олганидан кейин қабул қилинади.
Диний профессионал таълим олган шахслар диний таълим муассасаларида диний фанларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир.
9-модда. Диний расм-русумлар ва маросимлар
Диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган жойда, шу жумладан ибодат қилинадиган биноларда ҳамда уларга тегишли ҳудудларда, дафн этиш жойларида, зиёратгоҳларда, диний зарурият бўлган тақдирда фуқароларнинг хоҳишига кўра уларнинг уйларида ўтказилади.
Касалхоналарда, госпиталларда, интернат муассасаларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида, ички ишлар органларининг реабилитация марказларида диний расм-русумлар ва маросимлар қонунчиликда белгиланган тартибда, шу жойлардаги фуқароларнинг илтимосларига кўра ўтказилиши мумкин.
Ибодат қилинадиган бинолардан ташқаридаги оммавий диний расм-русумлар ва маросимлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Диний ташкилотлар динга эътиқод қилувчилардан мажбурий пул йиғимлари ва тўловлар ундиришга, шунингдек уларга нисбатан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи чораларни қўллашга ҳақли эмас.
10-модда. Диний мазмундаги материаллар, уларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш
Диний мазмундаги материаллар диний таълимотнинг ақидавий асосларини, тарихини, диний таълимот мафкурасини ва шарҳларни, турли диний таълимотларнинг маросимлар ўтказиш амалиётини, шунингдек алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний нуқтаи назардан баҳосини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар, бошқа босма нашрлар, белгилар, предметлар, рамзлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар ва бошқалар), электрон ахборот ташувчилардан (дискетлар, CD, DVD дисклари, ўрнатилган ва ечиб олинадиган хотира карталари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган материаллар ва бошқалар) иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
3-боб. Диний ташкилот ташкил этиш, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари. Диний ташкилотлар фаолиятининг қўшимча кафолатлари
11-модда. Диний ташкилотни ташкил этиш
Диний ташкилот қонунчиликка мувофиқ унинг ташаббускорлари (таъсисчилари) қарорига кўра ташкил этилади.
Диний ташкилотнинг ташаббускорлари (таъсисчилари) таъсис йиғилишини (конференциясини) чақиради, унда устав қабул қилинади ва раҳбар органлар тузилади.
Диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади.
Диний ташкилот юридик шахсдир.
Диний ташкилот диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи (бундан буён матнда марказий бошқарув органи деб юритилади), диний таълим муассасаси ёки маҳаллий диний ташкилот шаклида ташкил этилиши мумкин.
Диний таълим муассасаси рўйхатдан ўтказилганидан ва ваколатли органнинг тегишли лицензиясини олганидан кейин ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини олади.
Диний ташкилот белгиланган тартибда тақдим этиладиган
ер участкаларида, ваколатли орган билан келишувга кўра ташкил этилади.
Тегишли диний профессионал таълимга эга бўлган шахс диний ташкилотнинг раҳбари бўлиши мумкин, бундан диний таълимотида диний профессионал таълим тизими назарда тутилмаган конфессиялар мустасно.
Диний ташкилотни қайта ташкил этиш унинг раҳбар органининг қарорига кўра қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
Диний ташкилотни қайта ташкил этиш қонунчиликда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
12-модда. Диний ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Диний ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:
шартнома асосида бериладиган бинолардан ва мол-мулкдан, шунингдек моддий-маданий мерос объектларидан қонунчиликда белгиланган тартибда ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
хайрия фаолиятини амалга ошириш;
диний ташкилотнинг фаолияти билан боғлиқ тадбирлар ўтказиш;
уставда кўрсатилган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш;
диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва олиб чиқиш;
зиёратларни ташкил этиш ёки бошқа диний тадбирларда иштирок этиш мақсадида халқаро алоқалар ўрнатиш;
янги дафн этиш жойларини ташкил этиш ва мавжуд дафн этиш жойларини таъмирлаш тўғрисида таклифлар киритиш.
Диний ташкилот:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун, бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва ўз устави қоидаларига риоя этиши;
ибодат қилиш, диний расм-русумлар ёки маросимлар учун мўлжалланган жойларда қулай шарт-шароитлар яратиши;
диний ташкилот эгалигида (фойдаланишида) бўлган моддий маданий мерос объектларининг бут сақланишини таъминлаши, бунда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган талабларни мажбурий тартибда бажариши, архитектура ёдгорликларини реставрация қилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари асосида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириши;
адлия органларини тадбирлар (конференциялар, семинарлар ва бошқалар, бундан диний расм-русумлар ва маросимлар мустасно) эркин ўтказилишида кўмаклашиш учун уларнинг ўтказилиши тўғрисида хабардор этиши;
адлия органларини раҳбар органнинг таркиби ўзгарганлиги тўғрисида ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида хабардор қилиши;
адлия органларига ўзининг ўтган йилги фаолияти тўғрисида белгиланган шаклда ҳар йили ахборот тақдим этиши шарт.
Диний ташкилот қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
13-модда. Диний ташкилотлар фаолиятининг қўшимча кафолатлари
Диний ташкилотлар ўз фаолиятини қонунчиликка мувофиқ мустақил равишда амалга оширади.
Диний ташкилотлар ўз мулкида биноларга, иншоотларга, ибодат предметларига, ишлаб чиқариш объектларига, ижтимоий объектларга ва хайрия учун мўлжалланган объектларга, ўз фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган пул маблағларига ва бошқа мол-мулкка эга бўлиши мумкин. Диний ташкилотларнинг мулки қонун билан қўриқланади.
Диний ташкилотлар давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Диний ташкилотлар давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг диний ташкилотлар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.
4-боб. Диний ташкилотни рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш тартиби
14-модда. Диний ташкилотнинг таъсис ҳужжати
Диний ташкилотни ташкил этиш ташаббускорлари (таъсисчилари) томонидан тасдиқланган устав диний ташкилотнинг таъсис ҳужжатидир.
Диний ташкилотнинг уставида қуйидагилар назарда тутилади:
диний ташкилотнинг номи, тури, таълимот асослари тўғрисидаги ахборот ва унга мос келадиган диний фаолият ҳақидаги маълумотлар, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), ўз фаолиятини қайси ҳудуд доирасида амалга оширса, ўша ҳудуд;
мақсади, вазифалари ва фаолиятининг асосий турлари;
диний ташкилотнинг тузилиши ва раҳбар органлари;
диний ташкилотнинг раҳбар органларининг ваколат доираси ва ушбу органларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколатлари муддатлари, доимий асосда фаолият кўрсатадиган раҳбар органнинг жойлашган ери (почта манзили);
пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни шакллантириш манбалари, диний ташкилотнинг ҳамда унинг таркибий бўлинмаларининг мол-мулкни бошқаришга доир ҳуқуқлари;
диний ташкилотни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби, шунингдек диний ташкилот тугатилган тақдирда унинг мол-мулкини тасарруф этиш тартиби;
уставга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби.
Уставда диний ташкилотнинг қонунчиликка зид бўлмаган фаолиятига тааллуқли бошқа қоидалар ҳам назарда тутилиши мумкин.
Диний ташкилот уставининг талаблари диний ташкилотнинг ўзи, уни тузиш ташаббускорлари (таъсисчилари) учун мажбурийдир.
Марказий бошқарув органларига эга бўлган диний ташкилотларнинг уставлари ушбу органлар билан келишилган бўлиши керак.
15-модда. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) чоғида давлат хизматлари кўрсатиш
Давлат хизматлари, шу жумладан диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) хизматлар адлия органларининг электрон тизими орқали кўрсатилади.
Электрон тизимга кириш электрон рақамли имзо ёки шахсни идентификациялаш имконини берувчи бошқа усуллар орқали амалга оширилади.
Мурожаат қилувчи электрон тизимга кирганидан кейин ўзининг шахсий кабинетидаги тегишли мурожаат турини танлайди, маълумотларни босқичма-босқич киритади ва ҳужжатларни электрон тизим орқали юборади.
Электрон тизимда шакллантирилган ёки адлия органлари томонидан юборилган электрон ҳужжатларда матрицали штрих код (QR-код) ва идентификацияланган рақамлар мавжуд бўлади. Бунда электрон ҳужжатда кўрсатилган идентификацияланган рақамни электрон тизимнинг махсус бўлимига киритиш орқали электрон ҳужжат тўғрисидаги ахборотни олиш учун имконият яратилади.
Электрон тизимнинг ишлаш тартиби, маълумотларнинг турлари ва шакллари, шунингдек электрон ҳужжатларнинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.
16-модда. Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш
Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш адлия органлари (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи органлар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
Марказий бошқарув органларини ва диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, маҳаллий диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш эса тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги диний ташкилотларнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини (раҳбарларини), шунингдек уларнинг ўз қарамоғида бўлган оила аъзоларини аккредитация қилишни амалга оширади.
Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказганлик, диний ташкилотларнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг ўз қарамоғида бўлган оила аъзоларини аккредитация қилганлик учун «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказган орган ушбу ташкилот фаолиятининг устав мақсадларига ва қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни амалга оширади.
17-модда. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар
Диний ташкилотни ташкил этиш бўйича таъсис йиғилиши (конференцияси) ўтказилган кундан эътиборан олти ой ичида уни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон мурожаат рўйхатдан ўтказувчи органга юборилади.
Марказий бошқарув органини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон мурожаатга қуйидаги ҳужжатларнинг электрон кўчирма нусхалари илова қилинади:
таъсис йиғилишининг (конференциясининг) марказий бошқарув органини ташкил этиш, унинг уставини тасдиқлаш ва бошқарув органларини сайлаш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган қарорининг;
марказий бошқарув органининг давлат тилидаги уставининг;
жойлашган еридан диний ташкилотнинг почта манзили сифатида фойдаланилиши мўлжалланаётган кўчмас мулкка эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг;
марказий бошқарув органининг таъсисчилари ва унинг раҳбар органи аъзолари тўғрисидаги ҳужжатларнинг;
марказий бошқарув органининг раҳбарида диний профессионал маълумот мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг, бундан таълимоти диний профессионал таълим тизимини назарда тутмайдиган конфессиялар мустасно;
ваколатли орган хулосасининг.
Диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон мурожаатга қуйидаги ҳужжатларнинг электрон кўчирма нусхалари илова қилинади:
марказий бошқарув органининг диний таълим муассасасини ташкил этиш, унинг уставини тасдиқлаш ва раҳбар органларини сайлаш (тайинлаш) бўйича маълумотларни ўз ичига олган қарорининг;
диний таълим муассасасининг давлат тилидаги уставининг;
диний таълим муассасасининг раҳбар органи аъзолари тўғрисидаги ҳужжатларнинг;
ваколатли орган хулосасининг.
Маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон мурожаатга қуйидаги ҳужжатларнинг электрон кўчирма нусхалари илова қилинади:
маҳаллий диний ташкилотни ўз ташаббусига кўра тузаётган, ўн саккиз ёшга тўлган, эллик нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари имзоларини ўз ичига олган ҳужжатнинг;
таъсис йиғилишининг маҳаллий диний ташкилотни ташкил этиш, унинг уставини тасдиқлаш ва раҳбар органларини сайлаш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган қарорининг;
маҳаллий диний ташкилотнинг давлат тилидаги уставининг;
маҳаллий диний ташкилотни ташкил этиш ташаббускорлари тўғрисидаги ва унинг раҳбар органи аъзолари ҳақидаги ҳужжатларнинг;
маҳаллий диний ташкилотнинг раҳбарида диний профессионал маълумот мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг, бундан таълимоти диний профессионал таълим тизимини назарда тутмайдиган конфессиялар мустасно;
ваколатли орган хулосасининг;
маҳаллий диний ташкилотнинг почта манзили сифатида фойдаланилиши мўлжалланаётган кўчмас мулкнинг шаҳарсозлик нормалари талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалар илова қилинган ҳолда маҳаллий ижроия ҳокимияти органи (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари) хулосасининг.
18-модда. Қайта ташкил этиш йўли билан ташкил этилган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар
Қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ёки ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш йўли билан ташкил этилган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон мурожаатга ушбу Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларнинг электрон кўчирма нусхалари илова қилинади:
қайта ташкил этилаётган диний ташкилотга маълум бўлган барча кредиторлар ёзма равишда хабардор қилинганлиги ва оммавий ахборот воситаларида қайта ташкил этиш ҳақидаги хабар эълон қилинганлиги тасдиқномасининг;
қайта ташкил этилаётган диний ташкилотнинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан ушбу ташкилотнинг барча мажбуриятлари, шу жумладан тарафлар низолашаётган мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган топшириш далолатномасининг (қўшиб юбориш ва ўзгартириш чоғида) ёки тақсимлаш балансининг (бўлиш ва ажратиб чиқариш чоғида);
қайта ташкил этилаётган диний ташкилотнинг муҳри ва штампи йўқ қилинганлиги ҳақидаги далолатноманинг.
19-модда. Диний ташкилот уставига ўзгартиш
ва (ёки) қўшимчалар киритилганда
уни қайта рўйхатдан ўтказиш
Диний ташкилотнинг уставига ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилган тақдирда, ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаблар диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказишга нисбатан татбиқ этилади.
Диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги электрон мурожаат рўйхатдан ўтказувчи органга диний ташкилот уставига ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш тўғрисида диний ташкилотнинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида юборилади.
Диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон мурожаатга қуйидаги ҳужжатларнинг электрон кўчирма нусхалари илова қилинади:
уставга киритиладиган ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар матнининг ёки устав янги таҳрирининг;
диний ташкилот раҳбар органининг уставга ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарорининг;
диний ташкилотнинг номи ёки рўйхатдан ўтказувчи орган ўзгарган тақдирда – диний ташкилотнинг муҳри ва штампи йўқ қилинганлиги тўғрисидаги далолатноманинг.
Диний ташкилот қайта ташкил этилганлиги (ажратиб чиқарилганлиги ёки қўшиб олинганлиги) муносабати билан қайта рўйхатдан ўтказилган тақдирда ушбу моддада назарда тутилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларнинг электрон кўчирма нусхалари илова қилинади:
қайта ташкил этилаётган диний ташкилотга маълум бўлган барча кредиторлар ёзма равишда хабардор қилинганлиги ва оммавий ахборот воситаларида қайта ташкил этиш тўғрисидаги хабар эълон қилинганлиги тасдиқномасининг;
қайта ташкил этилаётган диний ташкилотнинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан ушбу ташкилотнинг барча мажбуриятлари, шу жумладан тарафлар низолашаётган мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворислик ҳақидаги қоидаларни ўз ичига олган топшириш далолатномасининг ёки тақсимлаш балансининг;
қайта ташкил этилаётган диний ташкилотнинг муҳри ва штампи йўқ қилинганлиги тўғрисидаги далолатноманинг.
Рўйхатдан ўтказувчи орган ўзгарган тақдирда, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни амалга оширувчи рўйхатдан ўтказувчи орган илгари диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни амалга оширган рўйхатдан ўтказувчи органдан ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилиши билан боғлиқ ҳужжатларни электрон тизим орқали сўраб олади.
Почта манзили, банк реквизитлари ёки раҳбар органнинг таркиби ўзгарган тақдирда, диний ташкилот ушбу масалалар бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида электрон тизим орқали тегишли қарорларни илова қилган ҳолда рўйхатдан ўтказувчи органни бу ҳақда хабардор қилади.
20-модда. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқиш
Электрон мурожаатни юборувчи электрон сўровни шакллантиришни якунлаб, электрон тизим томонидан автоматик тарзда белгиланадиган давлат божи тўловини амалга оширади.
Давлат божи тўланганидан кейин диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги мурожаат кўриб чиқиш босқичига ўтади.
Агар мурожаатда тўғрилаш мумкин бўлган хатолар мавжуд бўлса ёки ушбу Қонунда талаб қилинадиган ёхуд электрон мурожаатни юборувчи ҳавола қилаётган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, рўйхатдан ўтказувчи орган унга беш иш куни ичида хатоларни тузатиш ва етишмаётган ҳужжатларни юбориш учун имкон беради. Рўйхатдан ўтказуви орган электрон мурожаатни юборувчининг илтимосномасига кўра бу муддатни беш иш кунидан кам бўлмаган муддатга узайтириши мумкин.
Рўйхатдан ўтказувчи орган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун юборилган ҳужжатларнинг ишончлилигини ва уларнинг қонунчиликка мувофиқлигини текширишга ҳақли.
21-модда. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қуйидаги муддатлар ичида кўриб чиқилади:
диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун – мурожаат олинган кундан эътиборан бир ойлик муддатда;
диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш учун – мурожаат олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда.
22-модда. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш якунлари
Рўйхатдан ўтказувчи орган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш якунларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги;
диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги.
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч иш куни ичида:
диний ташкилот ҳақидаги маълумотларни диний ташкилотлар реестрига киритади;
диний ташкилотни солиқ органларида ва статистика органларида ҳисобга қўйишни амалга оширади;
электрон тизимда диний ташкилотнинг шахсий кабинетини яратади;
диний ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги электрон гувоҳномани шакллантиради;
диний ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги электрон гувоҳномани ва диний ташкилот уставини диний ташкилотнинг электрон тизимдаги шахсий кабинетига юборади.
Диний ташкилотнинг қайта рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги электрон гувоҳномада диний ташкилот ҳақидаги аввалги маълумотлар, шу жумладан унинг номи, рўйхатдан ўтказувчи органнинг номи, диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган сана, шунингдек қайта рўйхатдан ўтказилган сана кўрсатилади.
Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ўзгариши муносабати билан диний ташкилот қайта рўйхатдан ўтказилган тақдирда, янгитдан рўйхатдан ўтказган орган илгариги рўйхатдан ўтказувчи органни тегишли рўйхатдан ўтказишга оид маълумотларни кўрсатган ҳолда электрон тизим орқали бу ҳақда хабардор қилади.
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, қарор қабул қилинган кундан кейин бир иш куни ичида электрон мурожаатни юборувчининг электрон тизимдаги шахсий кабинетига рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади.
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш рад этилганлиги, башарти рад этиш асослари бартараф этилса, ҳужжатларни такроран тақдим этиш учун монелик қилмайди.
23-модда. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асослар
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин, агар:
диний ташкилотнинг ташкил этилиши конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартириш, Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши чиқиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни тарғиб этиш, фуқароларнинг соғлиғига ва халқнинг маънавиятига тажовуз қилиш мақсадини кўзлаган бўлса;
диний ташкилотни тузишнинг қонунда белгиланган тартиби бузилган бўлса ёки тақдим этилган ҳужжатларда қонунчиликка номувофиқликлар мавжуд бўлса;
тузилаётган ташкилот диний ташкилот сифатида эътироф этилмаган бўлса;
тақдим этилган таъсис ҳужжатларида атайин нотўғри ахборот мавжудлиги аниқланган бўлса.
Рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
24-модда. Диний ташкилотлар реестри
Рўйхатдан ўтказилган диний ташкилот адлия органлари томонидан электрон тизимда юритиладиган ва ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ бўлган диний ташкилотлар реестрига (бундан буён матнда реестр деб юритилади) киритилади.
Реестрда қуйидагилар кўрсатилади:
диний ташкилотнинг номи ва унинг қайси конфессияга мансублиги;
диний ташкилотнинг жойлашган ери (почта манзили);
диний ташкилот фаолият кўрсатадиган ҳудуд;
ташаббускорлар (таъсисчилар) иштирокчилар тўғрисидаги ахборот (фамилияси, исми, отасининг исми), алоқа боғлаш учун маълумотлар;
раҳбар органнинг номи ва почта манзили, алоқа боғлаш учун маълумотлар;
диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган сана ва бошқа ахборот.
5-боб. Диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб туриш ва тугатиш
25-модда. Диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб туриш
Диний ташкилотнинг фаолияти, у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини бузган тақдирда, суд томонидан тўхтатиб турилиши мумкин.
Диний ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилган, шунингдек ташкилотнинг ўз устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда, прокуратура органлари ёки рўйхатдан ўтказувчи орган мазкур қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномани ушбу диний ташкилотнинг раҳбар органларига киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, диний ташкилот фаолияти прокуратура органларининг ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг тақдимномаси асосида суд қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб турилади.
Фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби қонунда белгиланади.
26-модда. Диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб туриш оқибатлари
Диний ташкилотнинг фаолияти суднинг қарорида белгиланган муддатга тўхтатиб турилган тақдирда, унинг хайрия фондлари муассиси сифатидаги ҳуқуқлари ҳам тўхтатиб турилади, унга тадбирлар ташкил этиш, банк омонатларидан фойдаланиш тақиқланади, бундан хўжалик фаолияти, меҳнат шартномалари бўйича харажатлар, ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ва жарималар тўлашга доир харажатлар мустасно.
Агар диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб туришнинг суд томонидан белгиланган муддати давомида унинг фаолияти тўхтатилиши учун асос бўлиб хизмат қилган қоидабузарликлар бартараф этилса, мазкур муддат тугаганидан кейин диний ташкилот ўз фаолиятини қайтадан бошлаши мумкин.
Диний ташкилот кўрсатилган қоидабузарликни бартараф этмаган тақдирда, унинг фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида судга тақдимнома киритган орган мазкур диний ташкилотни тугатиш ҳақида судга тақдимнома киритиши мумкин.
27-модда. Диний ташкилотни тугатиш тартиби
Диний ташкилотни тугатиш қонунчиликка ва диний ташкилотнинг уставига асосан амалга оширилади.
Диний ташкилотни тугатиш диний ташкилотнинг ваколатли раҳбар органи қарорига биноан ихтиёрий равишда ёки ушбу Қонун 26-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ суд тартибида амалга оширилади.
Диний ташкилотни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган диний ташкилотнинг раҳбар органи ёки суд тугатувчини – тугатиш комиссиясини ёки жисмоний шахсни тайинлайди, диний ташкилотни тугатиш муддатини белгилайди.
Тугатиш комиссияси таркибига, қоида тариқасида, тегишли юридик, иқтисодий маълумотга эга ва (ёки) бухгалтерия соҳасида амалий тажрибага эга бўлган шахслар киритилади.
Диний ташкилотнинг раҳбар органи томонидан диний ташкилотни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, тугатувчи ҳақидаги маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органга диний ташкилотни тугатиш тўғрисида раҳбар орган қабул қилган қарорнинг электрон кўчирма нусхаси илова қилинган ҳолда уч иш куни ичида электрон тизим орқали тақдим этилади.
Диний ташкилот суд томонидан тугатилган тақдирда, тугатувчи суднинг қарорини электрон тизим орқали олганидан кейин қарорнинг электрон кўчирма нусхасини рўйхатдан ўтказувчи органга уч иш куни ичида тақдим этади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган тугатувчи тўғрисидаги маълумотларни ва диний ташкилотни тугатиш ҳақидаги раҳбар органнинг қарорини олганидан кейин икки иш куни ичида реестрга диний ташкилотнинг тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади ҳамда бу ҳақда диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги солиқ органларини ва статистика органларини, кўчмас мулкка ва автотранспортга бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи органларни, шунингдек суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишни таъминлаш бўйича органларни электрон тизим орқали хабардор қилади.
28-модда. Реестрга диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида ёзув киритиш
Реестрга диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида ёзув киритиш учун тугатувчи бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органга электрон тизим орқали электрон мурожаат юборади.
Электрон мурожаатга қуйидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари илова қилинади:
диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида даврий босма нашрда берилган эълоннинг;
белгиланган тартибда тасдиқланган тугатиш балансининг;
диний ташкилотнинг барча ҳисобварақлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банклар маълумотномаларининг;
кредиторларнинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилганидан кейин қолган мол-мулк тасарруф этилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатларнинг;
муҳрлар ва штамплар йўқ қилинганлиги ҳақидаги далолатноманинг;
лицензиялар ва рухсатномаларнинг (мавжуд бўлган тақдирда);
солиқ органларининг солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосасининг;
суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш бўйича органнинг диний ташкилот қарздор сифатида иштирок этаётган, ижро этилмаган ижро ҳужжати мавжуд эмаслиги ҳақидаги хабарномаси;
диний ташкилот ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотноманинг.
Бунда ҳужжатларнинг асл нусхалари рўйхатдан ўтказувчи органга икки иш куни ичида тақдим этилади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган тугатувчининг электрон мурожаати олинганидан кейин реестрга диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида беш иш куни ичида ёзув киритади.
Агар ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати тақдим этилмаган ёки улар лозим тартибда расмийлаштирилмаган бўлса, шунингдек тақдим этилган ҳужжатларда атайин нотўғри ахборот мавжудлиги аниқланган бўлса, реестрга ёзув киритилиши рад этилиши мумкин.
Реестрга ёзув киритиш рад этилган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган тугатувчига рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда электрон тизим орқали билдиришнома юборади.
Реестрга ёзув киритиш ҳақидаги қарор рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарининг хулосаси тарзида қабул қилинади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида реестрга ёзув киритилганидан кейин икки иш куни ичида:
диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисида тугатувчини, солиқ органларини ва статистика органларини электрон тизим орқали хабардор қилади;
диний ташкилотга берилган лицензиялар ва рухсатномаларни (мавжуд бўлган тақдирда) уларни берган органларга топширади.
Диний ташкилот реестрга диний ташкилот тугатилганлиги тўғрисидаги ёзув киритилган пайтдан эътиборан тугатилган деб ҳисобланади.
29-модда. Ўз фаолиятини тугатган диний ташкилотнинг мол-мулкини тасарруф этиш
Диний ташкилотга унга фойдаланиб туриш учун берилган мол-мулк унинг фаолияти тугатилганидан кейин аввалги эгасига қайтарилади.
Диний ташкилотнинг фаолияти тугатилганда унинг тасарруфидаги мол-мулкка эгалик қилиш унинг уставига ва қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. Кредиторларнинг даъволари бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлмаган, ибодат қилиш учун мўлжалланган мол-мулкнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ҳуқуқий ворислар мавжуд бўлмаганда мол-мулк давлат мулкига ўтади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
30-модда. Низоларни ҳал этиш
Виждон эркинлигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
31-модда. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
32-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 14 июнда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги 289–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 йил, № 8, 186-модда);
2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 14 июнда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги 290–XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 йил, № 8, 187-модда);
3) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 934–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 334-модда);
4) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 618–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5–6, 99-модда);
5) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган «Янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги 619–I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5–6, 100-модда);
6) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–197-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 12, 640-модда) 2-моддаси;
7) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–476-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 224-модда) 2-моддаси;
8) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 5-моддаси.
33-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
34-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
35-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг
Президенти Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2021 йил 5 июль
Манба: УзА