14.11.2022

САДРИДДИН АЙНИЙ

   Ёзувчи, олим ва жамоат арбоби Садриддин Саидмуродзода Айний 1878 йили Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. Ўзбек ва тожик тилида ёзган. Тожикистон Фанлар Академияси академиги ва биринчи президенти (1951—54), Ўзбекистон Фанлар Академияси фахрий аъзоси (1943), Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1940), филология фанлари доктори (1948), профессор (1950).
Аввал эски мактабда (1884—87), кейин мадрасалар: Мир Араб (1890—91), Олимхон (1892—93), Бадалбек (1894—96), Ҳожи Зоҳид (1896-99), Кўкалдош (1899-1900)да таҳсил олган. Аҳмад Дониш ва Озарбайжон ёзувчиси Ҳожа Мароғийнинг ҳамда жадид маърифатпарварларининг асарлари унинг дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатади. Айний Бухорода янги усулдаги мактаблар очади, улар учун ўқув қўлланмалар, оммани илм-маърифатга чақирувчи шеър ва ҳикоялардан иборат «Ёшлар тарбияси» (1909) дарслигини тузади. «Ёш бухороликлар» ҳаракатида фаол қатнашади.
1918—21 йилларда тожикча, ўзбекча марш, қўшиқ ва шеърлар яратади. «Бухоро жаллодлари» (1922) повести, «Бухоро манғит амирлигининг тарихи» (1921) асарида Бухоронинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ифодаланган. «Одина», «Қиз бола ёки Холида» (1924), «Тожик адабиётидан намуналар» (1926), «Қул бобо ёки икки озод» (1928) каби қисса, ҳикоя, очерклари муҳим аҳамиятга эга. Айний тожик ва ўзбек адабиётларининг минг йиллик тарихий тараққиётида етишиб чиққан 200 дан ортиқ шоир, тарихчи, олим, тазкиранавислар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот беради.