08.11.2022

УСМОНХОН ТЕМУРХОН ЎҒЛИ АЛИМОВ

Усмонхон Темирхон ўғли Алимов 1950 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида хизматчи оиласида таваллуд топган. 1957-1967 йиллар давомида шу тумандаги Алишер Навоий номли 57-ўрта мактабда ўқиган. Дастлаб 1982-1983 йилларда Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, кейинчалик 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида таҳсил олди. 1987 йилдан эътиборан Пайариқ туманидаги “Имом Бухорий” жомеъ масжидида имом-хатиб вазифасида ишлади. Кейинчалик 1989-1990 йилларда Марокашдаги “Каравийин” университетида таҳсилни давом эттирди. Ўқишдан қайтгач, яна Пайариқ туманидаги “Имом Бухорий” жомеъ масжидида имом-хатиб вазифасида иш бошлади. 2000 йилнинг январь ойидан буён Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги бош вакили вазифасида фаолият кўрсата бошлади.
Эл-юрт орасида катта ҳурмат ва обрўга эга ҳамда диний соҳада кўп йил фидокорона хизмат қилиб, бой тажриба орттирган самоҳатли уламо Усмонхон Алимов 2006 йил 8 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланди. Муфтий ҳазратлари “Ҳазрати Имом”, “Имом ал-Бухорий баракоти”, “Сўраган эдингиз”, “Жомиъу аҳкамис-сиғар”, “IX-XI асрларда Самарқандда Калом илмининг ривожланиши” каби китоблар, кўплаб диний-маърифий мазмундаги мақолалар муаллифидир.

Усмонхон Темирхон ўғли Алимов 2021 йил 15 августда вафот этган. Иштихон туманида дафн этилган.