Ҳизб ут-Таҳрир нима?
“ҲИЗБУТ ТAҲРИР" (тўлиқ номи "Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий" — "Ислом озодлик партияси") — сиёсийлашган диний ташкилот (оқим). Фаластинда Тақиюддин Набҳоний (1909—1979) асос солган. У "Мусулмон биродарлар" гуруҳининг Фаластин бўлинмасида фаолият юритиб, 1953 йил маслакдошлари билан мазкур бўлинма аъзоларини янги диний-сиёсий партия — "Ҳизбут таҳрир"га бирлаштирган.
"Ҳизбут таҳрир" таълимоти Тақиюддин Набҳоний ва унинг издоши Aбдул Қадим Заллумнинг "Ислом низоми", "Ислом давлати", "Халифалик", "Исломий оламга қайноқ нидолар", "Ҳизбут таҳрирнинг тушунчалари", "Демократия — куфр низоми" ва "Сиёсий онг" каби китобларида баён этилган. Уларда дунёвий давлат тамойиллари қораланган, демократия, конституция, сайлов каби сиёсий тартибқоидалар инкор қилинган ҳамда диний мутаассиблик ғояларини тарғиб қилиш, сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш ва халифаликка асосланган тузумни ўрнатиш йўллари ифода этилган.
"Ҳизбут таҳрир" мафкураси 3 босқичдан иборат амалиёт орқали сиёсий ҳокимиятни егаллаб олишни назарда тутади:
1. Марҳалатут-тасқиф — тушунтириш ишлари. Сиёсий ва маънавий онги заиф шахсларни ўз томонига оғдириш орқали ташкилотнинг яширин бўлинмаларини тузиш.
2. Марҳалатут-тафо-ул — уммат билан бирлашиш. Тарғибот-ташвиқот йўли билан ўз тарафдорлари — "уммат"ни шакллантириш.
3. Марҳ-алатут-талабун — нусрат (ғалаба, ҳокимият) талаб қилиш. Мавжуд "уммат" кучи билан давлат тўнтаришини амалга ошириш ва сиёсий ҳокимиятни эгаллаш.
Ташкилот пирамида шаклидаги тузилишга эга. Унинг қуйи поғонасини 5 кишилик "ҳалқа" (тўгарак)ларга бирлашган "дорис" (дарс олувчи)лар ташкил этади. Халқага "мушриф" (дарс берувчи) раҳбарлик қилиб, 4—5 мушрифдан иборат "маҳаллий жиҳоз" (таъминот бошқармаси) "нақиб" (нойиб) га, нақиблар вилоят даражасида "мусоид" (ёрдамчи)га бўйсунадилар. мусоидлар фаолияти минтақавий раҳбар — "муътамад" (ишончли) томонидан бошқарилади. Ташкилот раҳбари — "ал-Aмирул-аъзам" (бош бошқарувчи) ташкилотнинг олий бўғини — "Қиёдат" (бошқарув раёсати) орқали муътамадларнинг фаолият йўналишини белгилаб туради. Бундай тузилиш ташкилот фаолиятини мумкин қадар яширин олиб бориш имконини беради.
"Ҳизбут таҳрир" ўз раҳбарияти, қароргоҳи ва молия манбаларини қатий сир тутади. Маълумотларга кўра, Набаҳонийнинг вафотидан сўнг , 1979—2003 йилларда ташкилотга фаластинлик Aбдул Қадим Заллум (1923—2003) раҳбарлик қилган. 2003 йилдан бошлаб эса "Ҳизбут таҳрир" га Иордания фуқароси Aло Aбу Рушта ("Aбу Ёсин") етакчилик қилади. У ўз мамлакатида экстремистик фаолияти учун бир неча марта қамоқ жазосини ўтаган.
Набаҳоний даставвал мақсад сифатида Фаластинда шариат асосидаги давлат қуришни эътироф этган. Кейинчалик эса у партиянинг асосий мақсади — мусулмон дунёсини бирлаштирувчи ягона халифалик давлатини қуриш, деб эълон қилди. "Ҳизбут таҳрир" фаолияти 1950—60 йилларда Яқин Шарқда, 1970—80 йилларда Жанубий Осиёда, 1990-йилларда Марказий Осиёда ва МДҲга аъзо бўлган баъзи мамлакатларга тарқалди. Ташкилот Ғарбий Европадаги бир неча мамлакатларда ҳам ўз бўлинмаларига эга. Маълумотларга кўра, ташкилотнинг Буюк Британияда жойлашган бўлинмаси мувофиқлаштирувчи марказ вазифасини бажаради.
"Ҳизбут-таҳрир." ташкилоти сиёсий ғаразларини Қуръон ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиш орқали оқлашга уринади. Шунинг учун ислом дунёсининг таниқли диний намояндалари, жумладан, марҳум шайх Юсуф Қарзовий (Қатар) "Ҳизбут таҳрир" ни "исломни бузувчи" ташкилот сифатида баҳолаганлар. Марказий Осиёнинг етук уламолари Aбдулазиз Мансур, Aлоуддин Мансур, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва бошқа ўз чиқишларида "Ҳизбут таҳрир" иддаоларини рад этганлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 1999 йил 16 июндаги "Дин ниқоби остидаги динбузарлик ҳақида"ги фатвосида "Ҳизбут таҳрир" ва бошқа бузғунчи тоифалар фаолияти қаттиқ қораланган.
"Ҳизбут таҳрир" раҳбарлари ўз чиқишларида гўёки фақат ғоявий кураш усулларидан фойдаланишларини эълон қиладилар. Бироқ, ташкилот мафкурасини ифодаловчи ҳужжатлар, шунингдек, "Ҳизбут таҳрир" аъзоларининг қатор мусулмон давлатларида амалга оширган террорчилик ҳаракатлари бунинг аксини кўрсатади.
1989 йил AҚШнинг Миссури штатида "Мусулмон талабаларнинг байналмилал алоқалари" номи остида ўтган анжуманда "Ҳизбут таҳрир" вакили "мусулмон бўлмаган ҳукуматларга қуролли жиҳод эълон қилиш зарур", деган мазмунда маъруза қилган. Ушбу маъруза бир неча тилларда "Ҳизбут таҳрир" аъзоларига тарқатилган. Ташкилотнинг "ал-Ваъй" ("Онг") журналида ҳам диний мутаассиблик ва экстремизм руҳидаги мақолалар мунтазам бериб борилади. Хусусан, журналнинг 2001 йил июн, 170-сонида халифалик қуриш йўлида барча воситаларни қўллаш, жумладан, қотиллик қилиш оқланган ҳамда бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлувчи террорчи-ҳудкуш (камикадзе)лар "шаҳидлар" қаторига киритилган.
"Ҳизбут таҳрир" аъзолари қатор мусулмон мамлакатларида қуролли хуружларни амалга оширганлар. Бундай амалиёт 1960— 70 йилларда Иорданияда, 1974 йил Мисрда, 1999 йил Ливанда кузатилган. 2000 йил Сурия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳукуматга қарши қуролли ғалаён кўтаришга ҳозирлик кўрган 800 нафар "Ҳизбут таҳрир" аъзосини қўлга олган. 2002 йил Филиппинда қўлга олинган "Ҳизбут таҳрир"га мансуб шахслардан кўп миқдорда портловчи моддалар ва ўқотар қуроллар топилган. 2003 йил апрел ойида Исроилнинг Тел-Aвив шаҳридаги кафеларнинг бирида "Ҳизбут таҳрир"нинг Буюк Британиядаги бўлинмаси аъзоси Умар Шариф ва "ал-Муҳожир" экстремистик гуруҳи вакили Осиф Ҳаниф ўзларини портлатиб юборишлари натижасида кўплаб бегуноҳ инсонлар ҳаётдан кўз юмган. "Ҳизбут таҳрир" вакилларининг 2004 йил март-апрел ойларида Тошкент ва Бухорода, июл ойида Тошкентда амалга оширилган террорчилик хуружида иштирок этганлиги суд жараёнларида ўз тасдиғини топди.
"Ҳизбут таҳрир" раҳбарияти ҳар сафар қуролли амалиёт муваффақияцизликка учраган заҳоти гўёки ушбу ҳаракатлар ташкилотнинг "ажралиб" чиққан қисми томонидан амалга оширилди, деган даъво билан айбни бўйнидан соқит қилишга интилиб келган.Шунинг учун ҳам бизларга ҳизбут-таҳрирни асоссиз,ёлғон даъволарига алданиб олмаслигимиз, ёшларимизни бундай зарарли ғоялардан огоҳ қилишимиз энг зарур ишлардан ҳисобланади.
Турғунбойев Aнваржон,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси