04.07.2021

Мир Араб мадрасасининг 500 ва Олий маъҳаднинг 50 йиллигига бағишланган халқаро форумга тайёргарлик кўрилмоқда

Илмий-услубий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарлари, олимлар, соҳа вакиллари ва мутахассислар иштирок этди.

Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров ҳам кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Кенгаш кун тартибидан Мир Араб мадрасасининг 500 йиллиги ҳамда Тошкент ислом институтининг 50 йиллигига бағишланган халқаро форумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури муҳокама этилди. Шунингдек, олий диний таълим муассасаларида кредит-модул тизимини жорий этиш бўйича амалдаги ҳолат ўрганилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний-маърифий муассасалар, диний таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилликларининг ягона порталини яратиш топшириғи ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Бундан ташқари, диний-маърифий соҳа мутахассисларининг онлайн тарзда мустақил малака ошириши ҳамда соҳа ходимларининг рейтингини (Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, имом-хатиблар ва имом ноиблар, отинойилар) юритиш бўйича портфолио тизимини амалиётга жорий этилиши ҳолати таҳлил этилди. Вазифалар белгилаб олинди.

Кенгаш иши фикр-мулоҳаза ва таклифларга бой ўтиб, келгуси вазифалар белгилаб олинди.