10.02.2022

Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги

2022 йилнинг 9 февраль куни Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида  Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби, Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган анъанавий навоийхонлик тадбири бўлиб ўтди.  Унда, билим юртининг мударрислари, талабалари ҳамда ишчи ходимлари иштирок этишди. 
Тадбирни билим юрти мудири Ж. Сабуров очиб ташриф буюрган соҳа мутахассислари ва меҳмонларга миннатдорчилик билдирди. А.Навоийни ўрганиш, ижод маҳсулларини кашф этиш толиби илмлар учун зарурлигини таъкидлади. 
Мир Араб мадрасаси фахрий мударриси, Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби Абдулғафур Раззоқ Бухорий “Алишер Навоий ва Нақшбандия таълимоти” мавзусида маъруза қилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, шарқшунос-манбашунос Комилжон Раҳимов сўзга чиқиб Нақшбанд ва Навоий тўғрисида гапирди. Ўзбек миллати, умуман олганда, барча туркий халқлар адабий мероси равнақида туркий тилнинг ижтимоий ҳаётда шаклланиши, қолаверса, давлат ҳокимияти ва бошқарувининг адолат негизида қарор топишида ўзининг улкан меҳнати билан салмоқли ҳисса қўшган буюк сиймо, адолатпарвар давлат арбоби — Алишер Навоийнинг таваллуд топганига бу йил 581 йил тўлганлигини, мамлакатимизда бу сана ҳар йили алоҳида кўтаринкилик ва ғурур билан кенг нишонланиб келаётганини айтди. Буюк мутафаккиримизнинг қолдирган меъроси биз учун тенгсиз хазина эканлигини, уларни ўрганиб ҳаётга тадбиқ этиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, буюк алломанинг ҳикматли ғазалларида шариат аҳкомларининг келтирилганини мисоллар билан айтиб берди.
Суҳбат давомида адабиётшунос олим Салоҳиддин Гадоев ҳазрат Алишер Навоийнинг ижод маҳсуллари, ғазалларидан намуналар ўқиб шарҳлаб берди. У кишининг ғазал, рубоий ва шеърларида Аллоҳга бўлган ишқ мисоллари билан баён қилди. Айниқса ёшлар ва толиби илмлар учун олинадиган фойдалари ҳақида гапирди.
Тадбир давомида аждодларимизнинг яратган бой маънавий меросни чуқур ўрганилаётгани таъкидланди.  Тингловчилар  ҳам ўзларининг фикр-мулохазалари билан иштирок этишди. Ушбу масалалар юзасидан ўзларига керакли бўлган маълумотларни олганликларини таъкидлаб ўтишди.

А. Нажмиддинов
Маънавият ва маърифат 
ишлари бўйича мудир муовини