ИМОН-ЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ — ОЛИЙ ҚАДРИЯТ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, янги Ўзбекистонда қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларда инсоннинг эътиқод эркинлиги, қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳамда унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш яққол ўз ифодасини топмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида ушбу ўта муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратиб, бундай деди: «Янги Ўзбекистон ғояси эл-юртимизнинг улкан интилиш ва иродаси билан умумхалқ ҳаракатига айланмоқда. Барчамиз ана шу улуғ мақсад йўлида янада жипслашиб, ғайрат-шижоат ва масъулият билан фидокорона меҳнат қилсак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта етамиз»
Айни кунларда юртимизда Конституциямиз қабул қилинган сана кенг нишонланмоқда. Бугун рўёбга чиқаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар замирида Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти мужассам десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки унда «Инсон ва унинг қадр-қиммати» деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилган. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари барча ислоҳотларнинг асосий мақсадини «Одамларни ҳаётдан рози қилиш — асосий мезон» деган юксак тамойилга қаратмоқда.
Мир Алишер Навоийнинг «Одами эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами» деган байтида жуда ҳам чуқур ҳаётий ҳикмат бор. Ҳазрат айтганидек, инсон қачонки миллати, халқи, динининг ғами билан яшаса, шундагина комил инсон, ҳақиқий маънода одамийликка эришади. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни кетказса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат куни машаққатларидан бирини кетказади. Ким бир камбағальнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади»,дедилар.
Дарҳақиқат, одам борки, аввало, кундалик ҳаётида у ёки бу нарсадан манфаат кўришни кўзлаб олдинга интилади, меҳнат қилади. Агар фаолияти ҳалол-пок йўл билан ризқ топишга, савобли ишларга қаратилган бўлса, нафақат ўзига, балки эл-юртига ҳам манфаат етказаверади.
Инсон манфаатлари ичида энг асосийси юрт тинчлиги ва оила хотиржамлигидир. Юртимиздаги бундай осойишта кунларни қадрлаш, энг аввало, аҳил-иноқ бўлиб яшаш, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиш, ҳар бир масалага маслаҳатлашган ҳолда ёндашиб, ўзаро иззат-ҳурмат туйғусига таяниб иш кўриш кенг қулоч ёзмоқда.
Қуръони каримда инсон қадр қиммати доимо улуғланган. Каломи шарифда: «Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини азиз ва мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга от-улов ва кемаларга миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70), деб баён қилинади.
Юқоридаги ояти каримадан аён бўладики, инсон Аллоҳ таоло яратган барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам хилқат. Ҳақ таоло одамни ўз қудрати билан яратиб, уни мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Шу боис, инсон азизу мукаррамдир. Шундай экан, бугунги кунда «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир» шиори остида кечаётган хайрли ислоҳотлар ўзининг яхши натижаларини бераётганини ҳар қадамда кўриш мумкин. Бу борада давлатимиз раҳбари байрам табригида: «Айни вақтда биз Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тасаввур қиламиз. Олдимизда турган вазифаларни амалга ошириш учун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз», дея қайд этди.
Бош қонунимизнинг муҳим бандларидан бири — Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат — инсоннинг ҳаёти ва ҳуқуқлари. Унда фуқароларнинг манфаатлари қонуний равишда мустаҳкамланган ва қатъий кафолатланган.
Ислом шариатининг ҳам асосий мақсадлари одамларнинг бу дунё ва охиратдаги саодатини таъминлаш, машаққатларини енгиллатишдан иборат. Шариатнинг бирламчи мақсадлари дин, ҳаёт, насл, ақл ва мулк кабиларни муҳофаза қилиш ҳисобланади. Буларни сақлаш инсониятнинг саодати ва яшаб қолиши учун энг муҳим омиллардир. Инсон ҳаётини ҳимоя қилиш Қуръон ва Суннатда кўп таъкидланади, шариат киши ҳаётини дахлсиз деб эълон қилган, хусусан, суиқасд қилишни тақиқлайди, бегуноҳ инсонни ўлдирганлик учун жазо жорий этади. Ҳатто унинг гуноҳи бутун инсониятни ўлдирганликка тенглаштирилади.
Ҳаётнинг давом этишини таъминлаш, наслни сақлаш учун ислом дини никоҳ асосида оила қўришни тарғиб этади, силаи раҳм ва фарзандлар тарбиясини ҳам муҳим ҳисоблайди.
Ақлни сақлаш мақсади эса илм олиш орқали яхши ва ёмонни ажратиш, жамият ривожи йўлида хизмат қилишни билдиради. Зеро, усиз саодат ва адолатли жамият қуришнинг имкони йўқ. Бунинг учун шариат ақлни кетказувчи ҳаракат ва нарсалар истеъмол қилишни тақиқлайди. Мулк ва бойликларни сақлаш шариатнинг асосий мақсадларидан бири бўлиши яхши яшаш ва адолатли жамият қуришда нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади. Ҳалол йўл билан мол-мулк топиш, бой ва камбағаллар орасида катта тафовут пайдо бўлишининг олдини олишга катта эътибор қаратилади.
Ушбу беш жиҳатнинг барчаси Бош қонунимизда ўз ифодасини топган. Жумладан, 13-моддада инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, 24-моддада яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи экани ва 63-моддада эса никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосида барпо этилиши кабилар алоҳида қайд этилган.
Давлатимиз раҳбарининг байрам табригида синиқ кўнгилларга мамнунлик улашган яна бир жиҳат шу бўлдики, халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва олижаноблик тамойилларига амал қилган ҳолда, билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 182 нафар шахс байрам муносабати билан муддатидан олдин озод қилиниб, эркин ҳаётга қайтарилди.
Таъкидлаш жоизки, тараққиётимизнинг янги даврида инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш халқимизни маънан юксалтириш ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Айниқса, сўнгги йиллардаги мусулмонларга яратилаётган имкониятлар барча мўминлар учун катта имкониятлар эшигини очиб берди. Буларнинг бари виждон ва эътиқод эркинлиги тўла таъминланганига яққол далилдир.
Шу йил 5 июль куни диний — маърифий соҳадаги улкан ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори бўлмиш «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши ушбу йўналишдаги ишларни янада сайқал топтирди.
Қонун билан эътиқод эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари, диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари, имтиёзлари ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди. Эътироф этиш керакки, юртимизда мана шундай дин ва эътиқод эркинлиги борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқдаки, бунинг учун Яратган Парвардигорга чексиз шукроналар айтишимиз керак бўлади. Ҳақ таоло она Ватанимиз тараққиёти, қонун устуворлиги ва халқимиз манфаати йўлида олиб борилаётган улуғвор ишларда мададкор бўлиб, улкан муваффақиятлар ато этсин,
Омин ё Роббал аламийн.
Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Манба «Янги Ўзбекистон» газетаси