Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр қилинган "Китоблар" тақдимоти тадбири
2021 йил 25 ноябрда буюк мутафаккир аждодимиз Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Бухоро вилоятидаги "Мир Араб" олий мадрасасида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр қилинган китоблар тақдимоти тадбири ўтказилди.
Тақдимотда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан бугунги кунга қадар нашр этилган 30 дан зиёд китоб, жумладан, Имом Мотуридийнинг "Таъвилот ал-Қуръон" асари 29- жузи, Мулла Али Қорининг "Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар", Бурҳониддин Марғинонийнинг "Ҳидоя" асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржималари тақдим этилди. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимлар ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бағишланган 10 та халқчил рисола, замонавий исломшунослик масалаларига доир 6 та китоб, 6 та ақида матнлари, шунингдек, турли мавзуларга оид ўқув- услубий қўлланма, китоб ва рисолалар, "Мотуридийлик" илмий- маърифий журналининг нишона сони ҳам тақдим этилди.
Юқоридагилар билан бир қаторда, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинаси илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Лобар Асророванинг "Тариқатнинг етти пири", "Бухорони шариф этган зот Сайфуддин Бохарзий", "Абу Ҳафс Кабир Бухорий" (рус ва ўзбек тилларида), "Бухоро мадрасалари тарихидан", "Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ва Мири Хурд Вобкандий" каби китоб ва рисолалари ҳам тақдим этилди. Тадбир давомида иштирокчилар Марказ томонидан амалга оширилган нашрлар, уларнинг Имом Мотуридий илмий мероси ҳамда мотуридийлик таълимоти моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдаги аҳамияти, хусусан, мўътадил таълимотни таъминлашдаги ўрни юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.
Жумладан, Мисрлик мотуридийшунос олим, илоҳиёт фанлари доктори Аҳмад Саъд Даманҳурий Ўзбекистон Республикаси Президентининг Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этишга оид Қарорининг амалий аҳамиятини юқори баҳолаган ҳолда, "Таъвилот ал-Қуръон" асарини таржима қилиш таржимонлар гуруҳидан улкан маҳорат ва масъулият талаб этишини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, ғоявий зиддиятлар авж олган глобаллашув шароитида бу каби таржималарга улкан эҳтиёж мавжудлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек, мутахассислар "Таъвилот ал-Қуръон" асарининг ўзбек тилига таржима қилиниши мусулмон оламида улкан аҳамият касб этишини таъкидлаган ҳолда, ушбу хайрли ишни амалга оширган Марказ илмий жамоасини муборакбод этдилар. Юқори руҳда ўтган ушбу маданий-маърифий тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухоро вилояти ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакиллиги масъуллари, Мир Араб олий мадрасаси раҳбарияти, ўқитувчилари, талабалари, шунингдек, имом-хатиблар, таниқли олимлар, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Марказ томонидан тайёрланган китоблар мўътадил ислом таълимотини кенг тарғиб қилишда, ёшларни миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда ўзига хос ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.