“Сен мендаги гўзалликни кўра олмайсан"
Бир инсон ўзининг чиройли юзи ва суратига маҳлиё бўлар, ҳар кун ойнага қараганида ўз чиройидан завқ оларди.
Ўша одам ўз чиройи таърифини эшитиш мақсадида бир куни замонасининг машҳур донишмандининг олдига борди. Аммо унинг хунуклигини кўриши билан ўзини донишманддан устун ҳис қилди. Бу одам гўзаллик ҳақида нима ҳам дея оларди, ахир ўзи чиройдан бебаҳра экан-ку, деган фикрда: "Сиздан гўзаллик ҳақида сўрагани келгандим, бироқ бекор қилибман. Чунки ўзи хунук инсон чирой ҳақида нима ҳам дея оларди”, – деди.
Шунда донишманд жавоб қайтарди: “Сен мендаги гўзалликни кўра олмайсан, чунки у менинг юзимда эмас, балки бутун вужудимни қамраб олган. Илк бор кўзгуда хунуклигимни кўрганимда, бир жисмда иккита хунук нарсани жамлаш мумкин эмас, деган қарорга келдим. Шундан сўнг ўзимни ислоҳ қилиб, илм-у ҳунар билан машғул бўлдим. Афсуски, сенда ташқи гўзалликдан бошқа ҳеч нарса йўқ экан. Шу боис бу ерга келиб чиндан ҳам хато қилибсан. Сен биладиган биргина нарса бор эди, шуни ҳам айтдинг, энди сенда яхши нарсалардан ҳеч нарса қолмади. Ичингни чиройли қилсанг, у бутун вужудингга тегади, лекин юзинг чиройли бўлсаю ичинг қоронғи бўлса, борингни йуқотасан”.
Форсчадан Дилшод Алиев таржимаси