25.08.2021

Қотилликнинг жазоси

Инсонларни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланади. Бу гуноҳга қўр урганлар эса дўзахнинг даҳшатли азобларига мангу дучор бўлишади. Ҳақ таолонинг берадиган жазоси ва азобларидан қўрқувчи покиза қалб, соф иймон эгалари бундай ёвузликка ҳар қандай ҳолатда ҳам қўл урмайдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا

«Кимда-ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай» (Нисо сураси, 93-оят). 
Бу нарса ушбу улкан гуноҳга йўл қўйганлар учун ниҳоятда қаттиқ таҳдид, танбеҳ ва аламли азобнинг эслатмасидир. Оятда ноҳақ қотилликни ҳалол деган эътиқод билан қотилликка қўл урган киши тўғрисидаги ҳукм баён этилмоқда. Чунки одам ўлдиришни ҳалол санаган киши шаксиз кофир бўлади, кофирларнинг жойи эса абадий жаҳаннамдир. Шу билан бирга уларга Аллоҳ таолонинг ғазаби ёғилади. Қотил Яратганнинг лаънатига учрайди, қиёмат куни чеки йўқ азобу уқубатларга гирифтор бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бу оят Қуръони каримдаги охирги нозил бўлган оятлар сарасига киради. Уни мансух қиладиган бирор оят нозил бўлмаган», деганлар. 
Қотилликнинг гуноҳи шунчалик каттаки, ҳатто бошқа бир оятда Аллоҳ таоло уни ширк ва зинокорлик билан бир қаторда зикр қилган:

وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آَخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَامًا

«Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа «илоҳ»га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (имонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар» (Фурқон сураси, 68-оят).
Демак, қотиллик Аллоҳга ширк келтириш, зино қилиш каби гуноҳи азимлардан ҳисобланади. Бу каби қабиҳ иллатларга қўл урганлар, албатта, жазога мустаҳиқдир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларни қотилликдан қатъиян қайтарган:

وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

«Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир» (Анъом сураси, 151-оят).
Бу нарса бандаларнинг хоҳиши билан амалга ошадиган оддий иш эмас, аксинча, Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳнинг ҳукмига бўйсунишга ҳаммамиз бирдек мажбурмиз. Бу ҳукмдан ташқарига чиққан киши жамият кушандаси саналади.

أَنَّهُ مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا

«Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир» (Моида сураси, 32-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада ким бировни ноҳақ ўлдирса, ёки ер юзида бузғунчилик қилмаган одамни ўлдирса, гўё бутун инсониятни ўлдиргандек бўлишининг хабарини бермоқда. Чунки мусулмонларнинг ҳурмати бир хил. Ким биттагина мусулмоннинг обрўсини тўкса, барча мусулмоннинг обрўсини тўккандек бўлади. Бу худди Аллоҳ таолонинг битта расулини ёлғонга чиқарган киши гўё барча расулларини ёлғонга чиқаргани кабидир. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди:

كَذَّبَتْ قَوْمُ نُوحٍ الْمُرْسَلِينَ

«Нуҳ қавми (Нуҳни ва ундан олдин ўтган) пайғамбарларни инкор этди» (Шуъаро сураси, 105-оят).
Аслида Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми барча пайғамбарларни эмас, балки ёлғиз Нуҳ алайҳиссаломни ёлғонга чиқаришган холос. Чунки Нуҳ алайҳиссаломдан олдин бирорта расул юборилмаган эди. Нуҳ алайҳиссалом ер юзидаги биринчи расул этиб тайинланганлар. У зотдан кейинги расулларни эса қавм кўрмагани аниқ. Лекин улар битта расулни ёлғонга чиқаргани учун бутун расулларни ёлғонга чиқарганлик тамғаси уларнинг бўйнида қиёматга қадар сақланиб қолди. Қолаверса, бу лаънат қиёмат кунида улардан бир қадам ҳам аримайди. Шундай экан битта мусулмонга қўл кўтарган киши барча мусулмонларга қўл кўтаргандек гуноҳга йўл қўйган бўлиши табиий.  
Қотилликнинг ҳаромлиги ва оғир гуноҳлиги борасида кўплаб ҳадиси шарифлар мавжуд:

عَنْ عبد الله ابن مسعود رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أوَّلُ ما يُقْضَى بيْنَ النَّاسِ يَومَ القِيامَةِ في الدِّماءِ". رَوَاهُ مسلم

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни одамларнинг ўртасидаги биринчи ҳукм қонлар тўғрисида бўлади», дедилар» («Саҳиҳ Муслим», 1678-ҳадис).
Аллоҳ таоло билан бандаларнинг ўртасидаги нарсаларда энг биринчи ҳукм намоз тўғрисида бўлса, бандалар билан бандаларнинг ўртасидаги нарсаларда энг биринчи ҳукм ноҳақ қон тўкиш тўғрисида бўлар экан. Қотил кимса бошқа барча нарсалардан олдин аввало қотиллиги учун жавоб беришга мажбурдир.

عَنْ عبادة بن الصامت رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا يَزَالُ المؤمنُ مُعْنِقًا صالحًا ما لم يُصِبْ دمًا حرامًا، فإذا أصاب دمًا حرامًا بَلَّحَ". رَوَاهُ أبو داود

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши ҳаром қонга йўл қўймас экан, ҳамиша хотиржам, салоҳиятли тарзда яшайди. Ҳаром қонга қўл урдими, иши ортга кетиб бошлайди», дедилар» («Сунани Абу Довуд», 4270-ҳадис).
Динимизда қотиллик бекорга қораланмаган. Қотил инсоннинг иши шу дунёнинг ўзидаёқ ортга кетиши кундек равшан. Энди охиратдаги аҳволи ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади.

عَنْ عبد الله بن عمرو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَزوالُ الدُّنيا أهونُ على اللهِ من قتلِ رجلٍ مسلمٍ. رَوَاهُ البخاري

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёнинг (батамом) йўқ бўлиб кетиши Аллоҳнинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ ўлдирилишидан қадрсизроқдир», дедилар» (Имом Бухорий ривояти). 
Аллоҳ учун дунёнинг остин-устун бўлишидан кўра бир мўмин банданинг ноҳақ ўлдирилиши оғирроқдир. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини беҳад яхши кўрганидан уларнинг ўлимини оламнинг барбод бўлишидан юқори қўйган.

عَنْ أبي هريرة رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لو أنَّ أَهلَ السَّماءِ وأَهلَ الأرضِ اشترَكوا في دمِ مؤمنٍ لأَكبَّهمُ اللَّهُ في النَّارِ. رَوَاهُ الترمذي

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар еру осмон аҳли бир мўминни ўлдиришга бирлашсалар, Аллоҳ уларнинг барчасини жаҳаннамга юзтубан ташлайди», дедилар» («Сунани Термизий», 1398-ҳадис).
Мўмин кишининг ўлдирилишига ёрдам берган, ҳисса қўшган, ишора қилган, кўрсатма берган, имконият яратган, сабабчи бўлганларнинг барча-барчаси гуноҳда баробардир. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг раҳматидан мосуводир.

عَنْ أبي هريرة رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَن أعان على قتلِ مسلمٍ بشطرِ كلمةٍ لقي اللهَ يومَ القيامةِ مكتوبٌ على جبهتِه آيِسٌ من رحمةِ اللهِ. رَوَاهُ ابن ماجه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонни ўлдиришга гарчи ярим оғиз гап билан бўлсада ёрдам берса, қиёмат куни пешонасига «бу Аллоҳнинг раҳматидан ноумиддир» деган ёзув билан Аллоҳга йўлиқади», дедилар» («Сунани Ибн Можа», 2620-ҳадис).

عَنْ عُبَادةَ بنِ الصَّامِتِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: كلُّ ذنبٍ عسَى اللهُ أنْ يَغفِرَهُ، إلَّا مَن مات مُشْرِكًا، أوْ مُؤْمِنٌ قَتَل مؤمِنًا مُتعمِّدًا .رَوَاهُ أبو داود

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло барча гуноҳларни кечириши мумкин, бироқ кофир ҳолда ўлган ва мўмин кишини ноҳақ ўлдирганларни кечирмайди», дедилар» («Сунани Абу Довуд», 4270-ҳадис).
Шу сабабдан Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Мўмин кишини ноҳақ ўлдирганнинг тавбаси қабул бўлмайди», деганлар.
Гарчи бу нарса зажр учун айтилган бўлса-да, ҳаммамизни ҳушёрликка тормасдан иложи йўқ. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, қотилнинг йўл қўйган хатоси учун фақат истиғфор айтиши, пушаймон бўлиб тавба қилиши билан иш битмайди, у ўликнинг валийлари ҳукмига ҳавола этилади. Улар буни кечирсалар, ана шунда унинг ҳам гуноҳи кечирилади, тавбаси қабул бўлади. 
Шундай экан барчамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳдан сақланинглар!» деб, уларнинг ичида «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш», дея зикр қилган катта гуноҳдан ўта эҳтиёт бўлиб, унга олиб борадиган воситалардан қатъиян сақланмоғимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрти мударриси