24.08.2021

ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА ОМОНЛИК ДИНИ

Халқимиз азалдан тинчликни юксак қадрлайди. Ҳамда уни ўз орзу-умидлари, олий мақсадлари рўёбга чиқишининг кафолати деб билади. Шу боисдан ҳам бобо-момолар дуога қўл очганларида даставвал яратгандан тинчлик-омонлик тилайдилар.
Ислом тарихида катта ҳаётий аҳамиятга эга бўлган  давр Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинаи Мунавварада олиб борган фаолиятларидир. Бу даврда шаръий меъёрлар  шаклланди, ижтимоий ҳаёт тартибга солинди, маънавий иллатлар барҳам топди, ижтимоий бошқарувнинг янгича асослари барпо қилинди. Ислом дини комил инсон тимсолини Парвардигорнинг амр-фармонларига бўйсунувчи, шариатимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилувчи, дунёни обод ва кўркам қилувчи, унинг гуллаб-яшнаши ва фаровонлиги-осойишталиги йўлида холис хизмат қилувчи киши сифатида тавсифлайди. Бу сифатлар мўмин-мусулмоннинг сифатларидир. Демакки, ҳар бир эътиқодли одам барчага бирдай очиқ кўнгил, меҳр-шафқат билан муомала қилиши, эзгу, солиҳ амалларни кўпроқ бажаришга шошилиши керак. Зеро, Қуръони каримда бу борада: 
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир!»  – дейилади. (Моида сураси, 2-оят). Бунда, Аллоҳ таоло одамларга яхшилик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга, солиҳ амаллар қилишда бир-бирига ёрдамлашишга, бадниятлик ва жанжал-ғавғолардан чекинишга буюряпти. 
Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларга бағрикенг бўлишни кўп марта эслатиб турганлар ва ўзлари ҳам намуна бўлганлар. У зот даврида фақатгина Макка эмас, балки бошқа барча шаҳарлар фатҳида ҳам тинч аҳолининг ҳуқуқи қаттиқ ҳимоя қилинган. Жанглардан бири олдидан у зот мўминларга шундай буюрганлар: «Ғазотга Аллоҳ элчисининг ҳақиқий дини учун чиқинглар! Лекин кексалар, аёллар ва болаларга тегманглар! Яхшилик ва эзгулик қилувчилардан бўлингиз! Аллоҳ тақводорларни севади». Бошқа бир ривоятда уруш пайтидаги очиқ ҳарбий ҳаракатларда мусулмонларнинг хулқи қандай бўлиши лозимлигини шундай баён этганлар: «Болаларни ўлдирманг. Черковларда ибодат қилишга ўзини бағишлаган кишиларга тегишдан сақланинг. Аёллар ва қарияларни ўлдирманг. Дарахтларни кесманг ва ёқманг. Уйларни вайрон қилманг!».
Қуръни каримда мўминларни Ислом динида бўлмаган кишиларга яхши муносабатда бўлишга буюрилади:
«Аллоҳ сизларнинг динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларнинг ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсаларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар. Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалар билан дўстлашишдан қайтарур» (Мумтаҳана сураси, 8-9 оят). Яъни, мусулмон кишининг номусулмон одам билан муомала ва муносабатларида доим яхшиликга ҳаракат қилиши буюрилиб, фақат Исломга душманлик кайфиятида бўлганларнигина дўст тутмаслик кераклиги таъкидланяпти. Агар мусулмонларга душман бўлган одамлар уларнинг жони ва молига қасд қилсалар ва бу ҳолат уруш келтириб чиқаргудек бўлса, мусулмонлар бу урушни адолат билан, барча инсонийлик қонунларига риоя қилган ҳолда олиб бориши керак. 
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: 
«Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир»,  –  дейилган (Моида сураси, 32-оят). Оятда жон калимасининг умумий ҳолатда келтирилишида алоҳида ҳикмат бор: динимизда ҳар бир жон юқори баҳоланади. Уламоларнинг ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо йўлда кетаётганида бир товуқни нишон қилиб, унга ўқ отиб ўйнаёттан ёш болаларни кўриб қолади. Ибн Умарни кўриб қолган ёш болалар қочишга ҳаракат қилишади. Аммо ибн Умар уларни тўхтатиб: «Бу ўйинни ким бошлади? Ҳайвонларга бундай озор берган кишиларни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаганлар», – деб танбеҳ берган эканлар. Бу ҳадисни шарҳлаган уломоларнинг кўпчилиги бундай ҳолатларда Ибн Умарнинг қаттиққўл бўлганини таъкидлайдилар. Чунончи, бир куни ҳаж мавсумида ироқлик ҳожилар Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан: «Эҳромдаги киши пашшани ўлдириб қўйса, нима бўлади», – деб сўрайди. Шунда Ибн Умар: «Бу инсонларга қаранглар, бутун бошли инсонни – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гулу райҳонлари, суюкли набиралари бўлмиш имом Ҳусайнни киприк қоқмай ўлдириб юборишди-да, энди битта пашшани ўлдириб қўйганларидан ташвишга тушишмоқда!!!» – дея уларни маломат қилиб, уялтирган эдилар.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз биродарига темир парчаси ила ишора қилса ҳам фаришталар ўшани қўймагунча уни лаънатлаб турадилар. Агар ўша ўзининг ота бир ёки она бир ака-укаси бўлса ҳам», – дедилар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган). Бу ерда бировга таҳдид ила бирор нарсани ўқталиш ҳақида сўз кетмоқда. Бу ишни қилаётган одамни шум ниятидан қайтиб, ўқталишни қўймагунича фаришталар лаънатлаб турадилар.

Мир Араб ислом билим юрти ўқитувчиси
Тожиддинов Абдусамад Абдулбосид ўғли