Диний бағрикенглик
Ислом дини мусулмонларга бошқа дин вакилларига нисбатан яхши муомалада бўлишни буюради. Биз шу ўринда уларнинг айримларини санаб ўтамиз.
Мусулмон киши бошқа дин вакилларидан бўлган қўшнисига гўзал муомалада бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитига: «Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?» деб қайта-қайта сўрайверди.
Сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар кўп тавсия қилдики, ҳатто у меросхўрлик қилса керак, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», деди». (Бухорий ривояти.)
Бошқа диндаги қўшнига алоҳида яхши эътиборда бўлган мусулмон киши ўзининг бошқа эътиқоддаги қўшнисига Исломнинг гўзаллигини намоён қилади.
Мусулмон киши бошқа дин вакилларидан бемор бўлганларини кўргани бориши жоиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакилларидан ўзларига таниш кишилар бемор бўлганида кўргани борганлар.
Яҳудлардан бир ғулом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилар эди. У бемор бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар ва: «Мусулмон бўл», дедилар. Шунда у мусулмон бўлди». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Унинг лафзида: «Бас, унинг бош томонига ўтирдилар ва унга: «Мусулмон бўл», дедилар. Ғулом отасига назар солди. «Абул Қосимга итоат қил», деди. У мусулмон бўлди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб ўринларидан турдилар», деб келган.
Мусулмон одам бошқа диндаги танишининг яқин кишиси вафот этганда таъзияга бориши жоиз.
Фақат у ерда уларнинг диний ишларидан йироқда бўлади. Мусулмонларга қилинадиган дуоларни қилмайди. Танишига қариндошининг вафоти муносабати ила сабр тилайди, унга кўнглини кўтарадиган гаплар айтади.
Мусулмон инсон мусулмон бўлмаганларнинг ишида ишласа ёки уларни ўз ишида ишлатса бўлади.
Бу ҳолатда ҳам бошқа барча ҳолатлардаги каби мазкур фаолиятдан Исломга ва мусулмонларга зарар келмаслиги ва иш шариат ҳаром санамаган ишлардан бўлиши шарт.
Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан савдо-сотиқ, ижара ва бошқа молиявий муомаларни олиб бориши жоиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан пулини кейин бериш шарти билан таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга қўйдилар». (Бухорий, Муслим ривоятилар.)
Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан шариат ҳалол қилган доирада ширкатлар тузиши мумкин.
Бунда икки тараф ҳам шеригининг хабарисиз, ўзича тасарруф қилиш ҳақига эга бўлмайди.
Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан қарз олди-берди қилиши жоиз.
Бунда ҳам аввалги шартларга амал қилиш лозим.
Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамларни молиявий ишларда вакил қилиши ёки ўзи уларга вакил бўлиши жоиз.
Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан омонат олиш ва омонат қўйиш муомаласини қилиш жоиз.
Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамларнинг топиб олинган молларига худди мусулмонларникига ўхшаш масъулиятда бўлиши зарур.
Шуни ҳам алоҳида такидлаб ўтиш лозимки, мусулмон бошқа дин вакилларига нисбатан фақат яхши муносабатда бўлади холос. Уларнинг динларини, эътиқодини ҳурматламайди, қўллаб-қувватламайди, хайрихоҳлик билдирмайди. Шариат чизиб берган чегарадан чиқиб кетмайди.
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси
Мақсуджон Акрамов