17.08.2021

Муҳаррам рўзаси

Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейин турадиган энг ҳурматли ойдир. Ҳижрий йил шу ойдан бошланади. Ашуро куни Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар. Унинг савобидан баҳраманд бўлишга ундаганлар, ўзлари ҳам рўза тутганлар, фазилатини баён этганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ الْمُحَرَّمُ، وَأَفْضَلُ الصَّلَاةِ بَعْدَ الْفَرِيضَةِ صَلَاةُ اللَّيْلِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойи (рўзаси)дир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ فسَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَيُّ شَهْرٍ تَأْمُرُنِي أَنْ أَصُومَ بَعْدَ رَمَضَانَ؟ قَالَ: إِنْ كُنْتَ صَائِمًا بَعْدَ رَمَضَانَ فَصُمِ الْمُحَرَّمَ، فَإِنَّهُ شَهْرُ اللهِ، فِيهِ يَوْمٌ تَابَ فِيهِ عَلَى قَوْمٍ، وَيَتُوبُ فِيهِ عَلَى قَوْمٍ آخَرِينَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз?» деб сўради. У зот: «Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, Муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини (қабул) қилади», деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадиси шарифлардан Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги мартабада туришини билсак бўлади.
Уламоларимиз: «Ким Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларини рўзасини тутса, гўё йилни тоат-ибодат билан тугатиб, тоат-ибодат билан бошлабди. У йил давомида шу фазилатга эга бўлади, деб умид қиламиз», дейишган.
Муҳаррам ойининг бошидан кетма-кет 10 кун рўза тутиш жуда фазилатлидир. 
Айрим манбаларда Муҳаррам ойининг бошидан узлуксиз 10 рўза тутган кишилар Пайғамбаримизнинг «Булар жаннатдаги райҳонларимдир» деб эркалаган суюкли неваралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар билан бирга жаннатга киришлари хушхабари берилган.
Бунга қурби етмаганлар 9-10-11-кунлари ёки 9-10-кунлари ёки бўлмаса 10-11-кунлари рўза тутишлари суннати муаккададир. Бунга ҳам имкон тополмаганлар ҳеч бўлмаганда 10-куни тутсалар, улкан ажрларни қўлга киритадилар.
Хулоса шуки, ким Муҳаррам ойида рўза тутса, тутган ҳар куни учун 30 кунлик нафл рўза савобини қўлга киритади ва у бир йиллик сағира (кичик) гуноҳларга каффорат бўлади.

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ, 
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси