Барокатли кечалар
Бир йил ўн икки ойдан иборат бўлиб, ушбу ойларнинг айрим кечалари бошқасидан ўз фазилати, баракаси ва хусусияти билан ажралиб туради. Буларнинг айримлари ояти карималарда айтилган бўлса, баъзилари ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Ўз ўрнида ушбу кечаларда дуолар мустажоб бўлиши ҳам муҳим манбаларда қайд этилган.
Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:
بَلَغَنَا أَنَّهُ كَانَ يُقَالُ: »إِنَّ الدُّعَاءَ يُسْتَجَابُ فِي خَمْسِ لَيَالٍ: فِي لَيْلَةِ الْجُمُعَةِ وَلَيْلَةِ الأَضْحَى وَلَيْلَةِ الفِطْرِ وَأَوَّلِ لَيْلَةٍ مِنْ رَجَبٍ وَلَيْلَةِ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ«
«Бизга етган хабарларда айтилишича, беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, Қурбон ҳайити кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражаб ойининг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси».
«Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ» асарида аллома Ибн Нужайм Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Рамазон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш ҳадисларда ворид бўлганидек мустаҳаб амаллардандир. «Ат-Тарғиб ват-тарҳиб»да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. Кечаларни бедор ўтказиш дегандан мурод уни ибодат ила ўтказиш тушунилади», деганлар.
Биз бандалар ушбу муборак кечаларни ғанимат билиб, берилган фурсатдан унумли фойдаланиб, ибодатга янада рағбат қилсак, Аллоҳ таоло Калб қабиласининг қўйлари жунидан ҳам кўпроқ бандаларининг гуноҳини мағфират этади, ихлосли бандаларининг номаи аъмолига тоғдек-тоғдек савобларни битади.
ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси