Ашуро куни кенглик яратиш
Ҳаётда ҳеч қандай яхшилик бесамар кетмаслиги аниқ. Хусусан у Аллоҳ йўлида бўлса, савоб умидида адо этилса, яқинларга сарфланса. Ҳар бирининг ўзига яраша ажр-мукофоти бор.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ فِي يَوْمِ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَنَتِهِ كُلِّهَا. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни оиласига кенгчилик яратса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганида кенгчилик қилади», дедилар» (Имом Табароний ва Байҳақий ривояти).
Ашуро куни мусулмон халқлари ўртасида азалдан эъзозлаб келинади. У кун бир қанча ўзига хос хусусиятлари билан бошқа кунлардан ажралиб туради. Уламолар бу кунни бекорга рўза, тиловат, зикр, тасбеҳ, такбир, ҳамд, истиғфор ва салавот билан ўтказишмаган. Самарасини билганларки, бунда бардавом бўлганлар.
Улар ҳадиси шарифда айтилганидек, Ашуро куни оиласига кенгчилик яратишган, бозор-ўчар қилишган, рўзғорларини имкон қадар бутлашган, дастурхонларини тўлдиришган. Чунки бунинг шарофатидан йил бўйи тўкин-сочинликни, хайр-баракани, бахту саодатни умид этишган.
Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳи: «Биз буни тажриба қилиб кўрдик ва ана шундай бўлишини топдик», деганлар.
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳи: «Биз буни эллик ёки олтмиш йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик», деганлар.
Жобир розияллоҳу анҳу: «Мен буни ўз ҳаётимда қирқ йил тажриба қилдим, ҳар йили кутганимдан зиёда бўлди», деганлар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким Ашуро куни рўза тутса, гўё бир йил рўза тутибди. Ким бу кунда садақа улашса, гўё бир йил садақа улашибди» (Абу Мусо Мадиний ривояти).
Бунга ишонган ҳолда оила аъзоларига нафақа қилиш, қариндош-уруғ, бева-бечора, фақир-мискин, таниш-билиш, дўсту ёр, қуда-анда ёки қўни-қўшниларга хайр-эҳсон улашиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, алоқаларнинг тикланишига, ўзаро ҳурмат-иззат, обрў-эътибор, ҳамжиҳатлик ва тотувликнинг ортишига, хонадонларга файз-бараканинг киришига сабаб бўлади.
ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси