09.02.2026

Ғазаб устидан ғалаба — комиллик мезони

Алишер Навоий ҳазратлари инсон комиллигини жисмоний куч билан эмас, балки маънавий қудрат билан ўлчаган улуғ мутафаккирдир. У зотнинг қуйидаги байти бунга ёрқин далилдир:

Эмас ул паҳлавонки ўз қадрин
Бош уза элтибон нигун қилғай.
Паҳлавон они билки етса ғазаб
Нафси амморани забун қилғай.

Навоий бу мисраларда жуда нозик ва теран фикрни баён қилади. Унинг таъкидлашича, ҳақиқий паҳлавон — майдонда рақибини ерга урадиган киши эмас. Балки ғазаби қўзғалганда ҳам ўз нафсига ҳукм ўтказа оладиган, ички душманини енгадиган инсон ҳақиқий қаҳрамондир.
Бу фикр ислом таълимотида ҳам энг олий ахлоқий меъёр сифатида кўрсатилади. Буни Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васлламнинг қуйидаги муборак ҳадислари яққол тасдиқлайди:

«ليسَ الشَّدِيدُ بالصُّرَعَةِ، إنَّما الشَّدِيدُ الذي يَمْلِكُ نَفْسَهُ عِنْدَ الغَضَبِ»

“Курашда енгган кучли эмас. Кучли деб ғазаби келганда ўз нафсига эгалик қила олган кишига айтилади”, — деганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васллам. Муттафақун алайҳ
Бу ҳадис инсоннинг энг катта синови ташқи рақиб эмас, балки ўз нафси эканини ўргатади. Ғазаб — шайтоннинг эшиги очиладиган, ақл туманлашадиган, сўз ва амал назоратдан чиқадиган ҳолатдир. Ана шу пайтда ўзини тийган, тилини сақлаган, қўлини тортган инсон — Аллоҳ наздида ҳам, одамлар орасида ҳам энг кучли зотдир.
Навоий ҳазратлари билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васллам таълимотлари бир нуқтада жамланади:
куч — мушакда эмас, қалбда;
ғалаба — бошқани эмас, ўзингни енгишдадир.
Бугунги кунда жаҳл билан иш тутилган қанча оилалар бузилмоқда, қанча қалблар яраланмоқда, қанча муносабатлар узилмоқда. Агар инсон ғазаб вақтида тўхтай олса, сукутни танласа, Аллоҳ учун ўз нафсини жиловласа — у нафақат фитнани, балки катта гуноҳни ҳам тўхтатган бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Навоий таъбири билан айтсак,
“нафси амморани забун қилган” инсон — ҳақиқий паҳлавондир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васллам таълимотида эса,
ғазаб чоғида ўзини бошқара олган киши — энг кучли мўминдир.

Аллоҳ таоло барчамизни нафсимиз устидан ғалаба қозона оладиган, ҳилм ва сабр билан зийнатланган бандаларидан қилсин. Омин.


Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби