Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Янги Таҳрири: Янгиликлар ва Ислоҳотлар
2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири қабул қилиниши мамлакатда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Янги таҳрир мамлакатни ривожлантириш стратегиясини янгича қарашлар асосида шакллантиришга қаратилган бир қатор қонунчилик ислоҳотларини ўз ичига олди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда жадал иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш соҳасида катта қадамлар қўйилди. Бу жараёнлар Конституцияни замонавий талабларга мослаштиришни тақозо қилди. Янгиланган таҳрир демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
1. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш
Янги таҳрирда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари борасидаги кафолатлар янада мустаҳкамланди. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланди. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги конституцион норма сифатида белгиланди. Ҳар бир фуқаронинг соғлиқни сақлаш, таълим ва иш билан таъминланиш ҳуқуқлари конституциявий даражада кафолатланди.
Шу билан бирга адвокатурага бағишланган алоҳида боб киритилиб, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши, адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилди.
2. Давлат бошқаруви тизими ислоҳоти
Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги белгиланиб, давлат бошқаруви тизимида янада шаффофликни таъминлаш мақсадида, парламентнинг ваколатлари кенгайтирилди. Қонунчилик палатаси ва Сенат фаолияти самарадорлигини ошириш учун янги нормалар жорий этилди. Жумладан, Парламент — Олий мажлис палаталарига парламентлик текширувлар, фавқулодда ҳолат, мобилизация, ташқи ва ички сиёсатни белгилаш каби янги ваколатлар берилди. Бундан ташқари, янги Конституцияда маҳаллий ҳокимият (вилоят, туман, шаҳар) таркиби, ваколатлари қайта белгиланиб, ҳоким ва кенгаш раҳбарлиги роли ажратилди, “бир шахс — икки лавозим” тизими чекланди.
3. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси
Янги таҳрирда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат экологик хавфсизликни таъминлаш ва табиий ресурсларни тежаш бўйича масъулиятли эканлиги таъкидланган.
4. Иқтисодий ислоҳотлар
Иқтисодий соҳада хусусий мулк ҳуқуқлари кафолати мустаҳкамланди. Шундай қилиб, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қоидалар қабул қилинди.
Янги таҳрир нафақат ҳозирги ҳолатга мос келади, балки келажакдаги ривожланиш учун ҳуқуқий асос вазифасини бажаради. Конституциядаги ислоҳотлар халқ билан давлат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, шунингдек, жамиятнинг ҳар бир соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири инсон ҳуқуқлари, давлат бошқаруви ва иқтисодий ривожланиш соҳаларидаги муҳим ўзгаришларни ўзида акс эттирган бўлиб, шубҳасиз мазкур ўзгаришлар аҳоли фаровонлигини ва турмуш даражасини яхшилаш, ҳуқуқий давлат тамойилларини амалга ошириш ва мамлакатимизнинг гуллаб яшнашини таъминлашга қаратилган қадамдир.
М.Ачилов
ЎМИ Бухоро вилоят
вакиллиги ҳуқуқшуноси
УЗ
РУ
EN
العربية