15.08.2021

Ашуро қандай кун?

Муҳаррам ойининг Ашуро куни, яъни ўнинчи куни кўплаб муҳим воқеа ва ҳодисалар содир бўлган. Бу ҳақда тарих китобларида батафсил маълумот берилган. Биз шу ўринда уларнинг айримларини эсга олиб ўтамиз:
Одам алайҳиссалом жаннатда тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйганлари сабаб, гуноҳкор бўлганлар ва ер юзига туширилганлар. У зот қилган ишларига қаттиқ пушаймон бўлиб, тинимсиз истиғфор айтганлар, тавба қилганлар. Аллоҳ таоло Ашуро куни тавбаларини қабул этган.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

فَأَكَلَا مِنْهَا فَبَدَتْ لَهُمَا سَوْآَتُهُمَا وَطَفِقَا يَخْصِفَانِ عَلَيْهِمَا مِنْ وَرَقِ الْجَنَّةِ وَعَصَى آَدَمُ رَبَّهُ فَغَوَى ثُمَّ اجْتَبَاهُ رَبُّهُ فَتَابَ عَلَيْهِ وَهَدَى

«Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади» (Тоҳа сураси, 121-122 оятлар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ашуро куни Нуҳ алайҳиссаломнинг кемалари Жудий тоғи устида тўхтаган, шу сабабли Нуҳ алайҳиссалом шукрона тариқасида бундан кейин ҳар йили шу куни рўза тутганлар» (Имом Аҳмад ривояти).
Намруд алайҳи лаъна Иброҳим алайҳиссаломни ёқиб юбориш учун катта гулхан ёқиб, манжаниқлар воситасида у зотни оловнинг устига улоқтирган. Лекин Аллоҳнинг марҳамати билан олов гулзорга айланиб, Халилуллоҳга заррача зиён етмасдан омон қолганлар. Бу ҳам Ашуро куни эди. 
 Золим Фиръавн ва унинг навкарлари Мусо алайҳиссалом ҳамда Бану Исроилга кўп азоб берган. Улар зулмдан қочиб кетаётганларида, душманлар ортларидан қувган. Аллоҳ талонинг инояти билан Мусо алайҳиссалом ва Бану Исроил эсон-омон сувдан ўтиб олган. Фиръавн ва унинг аскарлари эса сувга ғарқ бўлган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ فَرَأَى الْيَهُودَ تَصُومُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ، فَقَالَ: مَا هَذَا؟ قَالُوا: هَذَا يَوْمٌ صَالِحٌ، هَذَا يَوْمٌ نَجَّى اللهُ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ عَدُوِّهِمْ فَصَامَهُ مُوسَى، قَالَ: فَأَنَا أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ، فَصَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ. رَوَاهُ البخاري

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: «Бу нима? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсизлар?)» ¬деб сўрадилар. Улар: «Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бану Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо алайҳиссалом рўза тутганлар», деб жавоб беришди. Шунда у зот: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаммасидан энг аҳамиятлиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганлар. Бу нарса биз учун суннатга айланган. У зот умматларини рўза тутишга ундаганлар, қизиқтирганлар. Умматлар учун ўз Пайғамбарининг суннатларига эргашиш саодат, фазилат, барака ва нажотдир.
Саҳобаи киромлар, тобеъийнлар ва улардан кейин яшаб ўтган мўмин-мусулмонлар бу кунда рўза тутишган. Биз ҳам солиҳларнинг йўлларига эргашишга буюрилганмиз. Улар биз учун йўлчи юлдуз, нурли чироқдир.
Жамоат аҳлига эргашган, уларнинг йўлидан юрганлар асло кам бўлмайдилар, надоматда қолмайдилар, ҳасрат чекмайдилар, зиён кўрмайдилар. Тутган ҳар бир кун рўзаси учун улкан савобларни қўлга киритадилар, тоғдек-тоғдек гуноҳлари дув-дув тўкилади. Бунинг барчаси биз ожиз бандалар учун ниҳоятда меҳрибон ва ўта ғамхўр Роббимизнинг чексиз иноятидир.

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси