14.08.2021

Муҳаррам қандай ой?

«Муҳаррам» сўзи луғатда «ҳурматланган», «ҳаром қилинган», «улуғланган» деган маъноларни англатади. 
Муҳаррам – ҳурматли ой. Бу ойни барча пайғамбарлар эъзозлашган. Хусусан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам. У зотдан ўрнак олган саҳобалар ва уларнинг йўлларига эргашган барча солиҳлар уни ўзгача иззат-икром этишган.
Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳи «Латоифил маъориф» номли китобларида шундай ёзганлар: «Салафи солиҳлар учта ўн кунликни улуғлардилар. Улар: Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги, Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги ва Муҳаррам ойининг аввалги ўн кунлигидир».
Муҳаррам – ҳижрий-қамарий сананинг биринчи ойи. Яъни милодий йил Январь ойидан, ҳижрий-шамсий йил Ҳамал ойидан бошланса, ҳижрий-қамарий йил Муҳаррам ойидан бошланади. Йилнинг ўн икки ойи: Муҳаррам, Сафар, Робиъул аввал, Робиъул охир, Жумодул аввал, Жумодул охир, Ражаб, Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда, Зулҳижжа.
Муҳаррам – ҳаром қилинган ой. Аллоҳ таоло йилнинг тўрт ойида уруш ва бузғунчиликларни ҳаром қилган.

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ ...

«Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз!...» (Тавба сураси, 36-оят).
Булар: Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойларидир.
Муҳаррам – Аллоҳнинг ойи. Ражаб Пайғамбар алайҳиссаломнинг, Рамазон эса умматларнинг ойидир. Ҳадисларда ушбу ой «Аллоҳнинг ойи» эканлиги ҳақида хабарлар бор. 
Муҳаррам – барокатли ой. Рамазон ойидан кейинги энг барокатли, муборак, қадрли ва фазилатли ой бу – Муҳаррам ойи эканлиги тўғрисида хабарлар мавжуд.
Муҳаррам – итоат ойи. Бу ойга тегишли буйруқлар, амрлар, фазилатлар Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан айтилган. Бирортаси бандалар томонидан тўқиб чиқарилган нарса эмас. Мусулмон уммат бунга жиддий эътибор бериб, имкони борича итоат этмоғи керак. 
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ حُرُمَاتِ اللَّهِ فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ عِنْدَ رَبِّهِ

«(Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта гуноҳ деб билса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир» (Ҳаж сураси, 30 оят).

Ҳар бир ойнинг ўзига яраша хусусияти бўлгани каби бу ойда ҳам кўплаб сир-синоатлар, баракалар, фазилатлар мужассамдир.
Биз ҳам ота-боболаримиз йўлидан юриб, бу ҳурматли ойни қадрлашимиз, янги йил – янги ойга етганимиздан қувонишимиз, оила аъзоларимизга кенглик яратишимиз, бу ойнинг ҳаромлигига шак келтирмасдан эътиқод қилишимиз, тоат-ибодатда бўлишимиз, Аллоҳнинг ойини эъзозлашимиз, ҳурматини жойига қўйишимиз, муборак ойнинг фазилатини унутмаслигимиз даркор. 

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ, 
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси