
Исломда касб ва меҳнатнинг ўрни
Ислом дини инсоннинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини ҳамоҳанг ҳолда қондиришга йўналтирилган мукаммал диндир. Бу диндa меҳнат қилиш, ҳалол ризқ ортириш, касб-ҳунар эгаси бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун муҳим ҳаётий талаб ҳисобланади.
Қуръон ва суннатда меҳнатга даъват: - Қуръони Каримда темирчилик, дурадгорлик, деҳқончилик ва қурилиш каби касблар зикри келтирилади. Бу шуни кўрсатадики, инсон ўз меҳнати билан ҳаёт кечириши, ҳалол ризқ топиши Ислом таълимотларида энг улуғ фазилатлардан саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ касб қиладиган бандани яхши кўради. Ким оиласи учун меҳнат қилса, у Аллоҳ йўлида жиҳод қилган кишидек бўлади» (Имом Аҳмад).
Бу ҳадисда меҳнат фақат моддий эҳтиёжни қондириш эмас, балки илоҳий розиликка эришиш воситаси сифатида ҳам қаралган.
Саҳобалар – касбнинг ибратли намуналари эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобалари ҳам ўз касблари билан шуғулланар, бекорчиликдан узоқ бўлар эдилар. Масалан:
• Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу – мато савдоси билан шуғулланган;
• Усмон ибн Аффон, Талҳа, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳумлар – савдогар бўлганлар;
• Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу – қассоб;
• Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу – қурол ясовчи;
• Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳу – тикувчи;
• Абу Суфён розияллоҳу анҳу – ёғ ва тери савдоси билан машғул бўлган.
Саҳобаларнинг ҳаётидан шундай хулоса чиқади: диндорлик меҳнатдан қочиш дегани эмас, балки меҳнатни ибодат даражасига олиб чиқишдир.
Ислом таълимотида ҳатто пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам касб қилгани таъкидланган:
• Одам алайҳиссалом – деҳқончилик;
• Нуҳ алайҳиссалом – дурадгорлик;
• Идрис алайҳиссалом – тикувчилик;
• Иброҳим ва Лут алайҳиссаломлар – зироат;
• Довуд алайҳиссалом – зирҳ тайёрлаш;
• Мусо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар – чўпонлик қилганлар.
Демак, касб ва меҳнат пайғамбарлик даражасидаги инсонлар учун ҳам шарафли ишлардан бўлган.
Мусулмон давлатлари ва меҳнат маданияти тўғрисида Япония мисолида кўрадиган бўлсак, табиий бойликлардан маҳрум халқлар ҳам меҳнатсеварлик, изланувчанлик ва интилиш орқали тараққиётга эриша олган. Ислом тарихи ҳам шундай ибратларга бой. Хусусан:
Абдураҳмон ибн Авф Европага хурмо экспорт қилган;
Мусулмонлар пахта, шакарқамиш ва писта етиштириб, халқаро савдо тармоқларини йўлга қўйган.
Қадимги Европада маҳсулотни мақташ учун «Дамашқда тайёрланган», «Бағдодники» каби ёрлиқлар сифати ўзига хос сифат ҳисобланган. Бундан ташқари, араб тилидан Европа тилларига кўплаб сўзлар кирганлигини тилшунослар зикр қилиб айтишадики бу сўзларни Европага олиб кирган албатта тижоратчилардир. Германиялик шарқшунос Зигрид Хунке хоним «Ғарб узра нур сочаётган Ислом қуёши» номли китоб ёзиб, унинг иловалари орасига бир неча сўзларни келтирган:
• Cotton (пахта) – «ал-қутн»;
• Sugar (шакар) – «суккар»;
• Rice (гуруч) – «ар-рузз»;
• Artichoke (артишок, ўтсимон полиз экини) – «ал-ардий шавкий»;
• Lemonade (лимонад)– «ас-сийрул-лаймун».
Ҳозирги кун ёшларига тавсиялар. Ислом шариати ҳар бир ёшни касб-ҳунарли бўлишга, фаол ҳаёт кечиришга чақирган. Бугунги кунда айрим ота-оналар фарзандларини меҳнатдан узоқ тутишни тўғри деб билади. Аммо бу хато ёндашув. Чунки меҳнат инсоний камолотга етишиш воситасидир. Ҳам дунё, ҳам охират учун фойдалидир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Ислом динида меҳнат ва касб орқали ҳалол ризқ топиш, ўз ҳалоли билан яшаш — буюк фазилат ва ибодат сифатида қаралади. Қуръон ва ҳадислар бу ҳақдаги кўплаб далиллар билан тўла. Пайғамбарлар ва саҳобаларнинг ҳаёти ҳам меҳнатга бўлган ҳурмат ва аҳамиятни яққол кўрсатади. Улар турли соҳаларда фаол бўлиб, ҳалол касб орқали ризқ топганлар. Бу ибратли мисоллардан хулоса шуки: ҳақиқий мўмин меҳнатдан қочмайди, балки уни виждонан бажаради. Ёшлар ҳам замонавий илм ва касбларни ўзлаштириб, жамиятга фойда келтирадиган фаол шахслар бўлишга интилишлари лозим. Чунки меҳнат — нафaқaт моддий тараққиёт, балки маънавий юксалишнинг ҳам асосидир.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби