08.05.2025

Хотира ва қадрлаш — миллат маънавиятининг юксак ифодаси

Ҳар бир халқнинг тарихида унутилмас кунлар, фидокор инсонлар, миллат тақдири учун жонини фидо қилган қаҳрамонлар бўлади. Ўзбекистонда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида умумхалқ байрами сифатида нишонланиши халқимизнинг ана шундай муқаддас қадриятларга содиқлигидан далолат беради.
1999 йили Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан Тошкент шаҳрида Хотира майдони барпо этилди. Бу майдон нафақат ўтганларнинг хотирасини яшатиш, балки миллий руҳ, ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муқаддас масканга айланди. Шу кундан эътиборан 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида расман белгиланди ва ҳар йили бутун мамлакат бўйлаб юқори руҳда, кенг қамровда нишонланиб келинмоқда.
Бу сана — миллатнинг хотираси, шуҳрати ва қадрини ўзида мужассам этган қадрли кундир. У нафақат иккинчи жаҳон уруши фронтида жон берганлар, балки ҳар бир даврда миллат озодлиги, истиқлоли ва эркинлиги учун курашган ўлканинг фарзандларига эҳтиром рамзидир.
Миллий қаҳрамонларни улуғлаш — маънавий бурч ҳисобланади. Фашизмга қарши урушларда иштирок этган, ўз Ватанини ҳимоя қилишда ҳалок бўлган юртдошларимиз билан бир қаторда, миллий тарихимизда ўз жонини халқ озодлиги ва маърифат йўлида бахшида қилган қаҳрамонлар — Жалолиддин Мангуберди, Наджмиддин Кубро, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний, Усмон Носир каби улуғ шахслар ҳам алоҳида эътибор ва эҳтиромга сазовордир.
Улар ҳар бири ўз даврида халқни уйғотиш, эркинлик ғоясини сингдириш, маърифат ва истиқлол учун ҳаракат қилишга чорлаган инсонлардир. Бугунги кунда уларнинг номини тиклаш, хотирасини ёд этиш — фақат тарихий адолатни тиклаш эмас, балки ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим таркибий қисмидир.

Ислом динида хотира ва қадрлашнинг ўрни ҳақида тўхталадиган бўлсак. Ислом дини ҳам ўтганларни қадрлаш, уларни яхшилик билан ёд этишга катта эътибор қаратади. Қуръони Каримнинг Ҳашр сураси, 10-ояти каримасида  шундай дейилади:

رَبَّنَا ٱغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَٰنِنَا ٱلَّذِينَ سَبَقُونَا بِٱلْإِيمَـٰنِ وَلَا تَجْعَلْ فِى قُلُوبِنَا غِلًّۭا لِّلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ رَبَّنَآ إِنَّكَ رَءُوفٌۭ رَّحِيمٌ

"Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Сен раҳмли ва меҳрибон зотдирсан".

Бу оят орқали мусулмонларнинг ўтганларни мағфират билан ёд этиш, улар ҳаққига дуо қилишга чақирилаётганини кўрамиз. Шундай экан, ўтган аждодларимизни ҳар доим яхшилик билан ёд этишимиз ва уларнинг ҳақларига мағфират сўраб дуойи хайрлар қилишимиз ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай деганлар:
"Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар" (Имом Термизий ривояти).

Хотира — миллат келажагининг пойдевори ҳисобланади. Ҳақиқий мустақиллик ва эркинлик сари интилган ҳар бир миллат ўз ўтмишини унутмайди. Ўтганларнинг фидокорлигига муносиб муносабат кўрсатиш, тирикларнинг қадрини жойида билиш — юксак маънавиятнинг белгилари сирасига киради. Хотира ва қадрлаш куни ана шундай умуммиллий маънавий тарбия масканига айланди. Бу кун нафақат ёдга олиш, балки ибрат олиш, ватанга муҳаббатни юракларга жойлаш кунидир.
Ёш авлод ўтган аждодларнинг жасоратидан куч олади, тарихдан фахрланади, келажакка қатъият билан қадам қўяди. Улуғларимиз таъкидлаганидек: "Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди.

Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби,
“Болои Ҳовуз” масжиди имом хатиби