
Ваҳийнинг турлари ва мартабалари ҳақида
Ваҳийнинг бир неча турлари мавжуд. Уларнинг бири иккинчисидан енгилроқ бўлиши мумкин. Қуйида ўша ваҳий мартабаларини келтириб ўтамиз:
1. Ўнгидан келадиган туш. Бу ваҳийнинг энг енгил тури ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушишидан олдин мана шундай тушлар кўрардилар. У зот қачон туш кўрсалар, эртасига ўша воқеа тушларида қандай кўрган бўлсалар, худди шундай содир бўларди.
2. Фариштани кўрмай туриб, фаришта қалбларига ваҳийни тушрар эди. Имом Табароний ва Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳимлар ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:
عَنْ ابن مَسْعُود رضي الله عنه، قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: «نَفَثَ رُوحُ القُدُسِ في رُوْعِي أنَّ نفْسًا لن تَخرج من الدنيا حتى تَسْتَكْمِلَ أَجَلَهَا، وتَسْتَوْعِبَ رزقَهَا، فَأَجْمِلُوا في الطلب، ولا يَحْمِلَنَّكُمِ اسْتِبْطَاءُ الرِّزْقِ أنْ تَطْلُبُوهُ بمعصيةِ اللهِ؛ فإنَّ الله لا يُنَالُ ما عندهُ إلا بطاعتِهِ».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рухул қудус (яъни Жаброил) қалбимга қуйидагиларни солди: «Бирор бир жон битилган ажали охирига етмагунча ва, ризқини тўлиқ қилиб олмагунча бу дунёни тарк қилмас. Шундай экан, ризқ талабаини чиройли қилинглар. Ризқнинг секин келиши сизни Аллоҳга маъсият қилиш орқали ризқни топишга мажбур қилмасин. Зеро Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага (яъни розилигига) фақат тоат билангина эришилади», дедилар». (Имом Табароний ва Абу Нуъам ривояти).
3. Фаришта одам кўринишида келиб, ваҳийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтади ва у зот уни қабул қилиб оладилар. Ваҳийнинг бу турида саҳобалар ҳам одам суратида келган фариштани кўришарди. Бунга Иймон, Ислом ва Эҳсон нималигини ўргатиш учун фариштанинг одам суратида келган машҳур ҳадисни мисол қилиш мумкин.
4. Қўнғироқнинг жаранги каби келиши. Ваҳийнинг мана шу тури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг оғир келадиган тури эди. Ҳатто оғирлигидан совуқ кунда ҳам у зотнинг баданларидан тер оқарди. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:
عَنْ عَائِشَةَ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ الْحَارِثَ بْنَ هِشَامٍ رضي الله عنه سَأَلَ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، كَيْفَ يَأْتِيكَ الْوَحْيُ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «أَحْيَانًا يَأْتِينِي مِثْلَ صَلْصَلَةِ الْجَرَسِ - وَهُوَ أَشَدُّهُ عَلَيَّ - فَيُفْصَمُ عَنِّي وَقَدْ وَعَيْتُ عَنْهُ مَا قَالَ، وَأَحْيَانًا يَتَمَثَّلُ لِيَ الْمَلَكُ رَجُلًا فَيُكَلِّمُنِي فَأَعِي مَا يَقُولُ». قَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: وَلَقَدْ رَأَيْتُهُ يَنْزِلُ عَلَيْهِ الْوَحْيُ فِي الْيَوْمِ الشَّدِيدِ الْبَرْدِ، فَيَفْصِمُ عَنْهُ وَإِنَّ جَبِينَهُ لَيَتَفَصَّدُ عَرَقًا.
Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳорис ибн Ҳишом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гоҳида худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. Сўнг у тугайди ва мен ҳамма нарсани ёдлаб олган бўламан. Гоҳида эса фаришта одам шаклида келади ва унинг айтганларини ёдлаб оламан», дедилар».
Оиша розияллоҳу анҳо: «Дарҳақиқат, у зотга қаттиқ совуқ кунда ваҳий нозил бўлаётганини, сўнг у зотдан кетганида пешоналаридан тер оқаётганини кўрганман», деди».
Бошқа бир ривоятда Оиша онамиз: «У зотни одатда тутадиган ваҳий шиддати тутди. Нозил бўлган сўзнинг оғирлигидан ҳатто қаттиқ совуқда ҳам у зотдан марварид каби тер оқарди», деганлар.
5. Фаришта асл суратида ваҳийни олиб келарди. Бу бутун ҳаётлари давомида икки марта содир бўлган. Бу ҳақида имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ مَسْرُوقٍ، .... فِي قَوْلِهِ تَعَالَى: ﴿ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﴾ فَقَالَتْ: أَنَا أَوَّلُ هَذِهِ الْأُمَّةِ سَأَلَ عَنْ ذَلِكَ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم، فَقَالَ: «إِنَّمَا هُوَ جِبْرِيلُ، لَمْ أَرَهُ عَلَى صُورَتِهِ الَّتِي خُلِقَ عَلَيْهَا غَيْرَ هَاتَيْنِ الْمَرَّتَيْنِ، رَأَيْتُهُ مُنْهَبِطًا مِنَ السَّمَاءِ، سَادًّا عِظَمُ خَلْقِهِ مَا بَيْنَ السَّمَاءِ إِلَى الْأَرْضِ».
Масруқ раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
«Оиша онамиз Аллоҳ таолонинг «Дарҳақиқат, уни бошқа сафар ҳам кўрди» деган ояти ҳақида шундай дедилар: «Уммат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда биринчи сўраган менман. У зот: «У Жаброил. Уни ўз яратилган суратида мана шу икки мартадан бошқа кўрмаганман. Унинг улкан хилқати еру осмон орасини тўсган ҳолда самодан тушиб келаётганини кўрганман», деганлар».
6. Меърож кечаси осмонда нозил қилган ваҳий. Бу ваҳийда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг фарзлигини ва бошқа фарзларни нозил қилган. Меърож ҳақидаги ҳадисни имом Бухорий ва имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган. Меърождаги ваҳий воситасиз тўғридан-тўғри бўлган.
Муҳим эслатма:
Юқорида санаб ўтилган ваҳий турларининг барчаси Қуръон ҳисобланмайди. Масалан Жаброил алайҳиссалом одам суратида келганларида Қуръон оятларини эмас, ҳадисни келтирганлар. Шу ўринда муҳим бир нуқтани айтиб ўтиш керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари ҳам ваҳий ҳисобланади. У зотга ҳадисни Жаброил алайҳиссалом қалбларига солади ва у зот умматларига етказадилар. Қуръон билан ҳадис иккаласи ҳам ваҳий бўлсада, уларнинг орасидаги фарқ шундаки, Қуръонинг маъноси ҳам, лафзи ҳам Аллоҳ томонидан бўлади. Ҳадис эса, маъноси Аллоҳдан, лафзи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан. Бошқача қилиб айтганда, Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ҳадиснинг маъносини тушуради, у зот эса ўзларининг иборалари билан у маънони умматларига етказадилар.
Усмонов Адиз,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси