
ШАҲИД ВА ШАҲИДЛИК
Бугунги кунда айрим адашган тоифалар минг йиллардан бери аждодлари мусулмон бўлиб келган ва ўзлари ҳам Ислом динига амал қилиб келаётган жамиятимизни куфр диёри деб эълон қилишлари, ундан кейин бу ердан ҳижрат қилишга даъват қилиш, ўзларининг мақсадларига эргашган ёшларни жиҳод қилиш ва “шаҳид” бўлишга даъват қилишмоқда. Бунда “такфир”, “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳидлик” тушунчаларини аслиятидан бузиб талқин қилиб, ғўр ёшларни алдашмоқда.
Ислом таълимотида дини, жони, моли, Ватани ва оила аҳли ҳимояси йўлида ўлдирилган кишини шаҳид дейилади. Ҳадисларда бирор фалокат туфайли вафот этган киши ҳам шаҳид ҳукмида бўлиши баён этилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Шаҳидлар – Аллоҳ йўлида қатл қилинган кишидан ташқари ҳам еттитадир. Вабо, қорин оғриғи, сувга ғарқ бўлиш, девор остида қолиш, зотилжам (ўпка яллиғланиши), куйиш ва туғруқдан (ёки ичидаги ҳомиласи билан) вафот этганларни санаб ўтдилар” (Имом Молик Жобир ибн Атикдан ривоят қилган).
Молини босқинчи ва қароқчидан ҳимоя қилиб, ўлдирилган киши ҳам охират шаҳидларидан саналади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир” – деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ёнғинда ўлган киши ҳам шаҳидлардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидларни санаган бир ҳадисларида: “Ёнғин(да ўлган) шаҳиддир”, деганлар (Имом Молик ривояти).
Шунингдек, дини, жони, аҳли-оиласи ҳимоясида ўлдирилган киши ҳам шаҳид саналади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким қонини (жонини) ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким аҳлини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳозирда баъзи адашган оқимлар “шаҳидлик” тушунчасини жуда тор доирада тушунтирмоқчи бўлишади. Улар бу иборани ўз манфаатларига буриб, гўёки киши фақат урушда ўлса, шаҳид бўлади, дейдилар. Ваҳоланки, уларнинг қилиб турган бу ишлари жиҳод эмас, балки катта фитна экани аниқ. Фитнага аралашиб ўлган одам қандай қилиб шаҳид бўлсин?! Тинч-тотув яшаб турган мусулмон давлатда фитна чиқариб, уруш чиқарилса, бу жиҳод саналмайди, унда ўлган инсон асло шаҳид бўлмайди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди”, деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади”.
Бундай фитналар урчиган даврда мусулмон инсон ҳушёр бўлиши, ўзини четга олишга буюрилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтганда, юқорида зикр қилиб ўтилган “такфир”, “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” масалаларида аслиятни бузиб талқин қилаётган террорчи ташкилотлар вакилларининг тарғиботларини эшитиб юрган айрим ёшлар, афсуски, ундай кимсаларнинг гапларига алданиб қолмоқда. Айниқса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар назарда тутилган оятларни ўзларига тўғридан-тўғри татбиқ этиб, оятдан кўзланган асл маънони ўзгартирмоқда.
Бундай бузғунчи тоифалар ҳозирга қадар дуч келаётган инқирозлар ва мағлубиятларини яшириш учун “Аҳдга вафо қиладиган вақт келди”, “Шаҳид бўладиган давр келди”, “Энди биз ғалаба қозонамиз” каби сохта шиорларни такрорлашдан нарига ўтмаяпти. Чунки, айни дамларда уларга ғаразли мақсадларга эришиш учун “тирик қалқон” жуда ҳам зарур. Алданганлар эса уларга ҳокимиятни эгаллагунча керак.
Муса САИТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси