
Ботқоқ ўрнида қад ростлаган ғаройиб бино
Мир Араб оламга донғи кетган мадрасалардан. Мен ушбу илм масканида таҳсил олишга мушарраф бўлганман. У Масжиди Калоннинг рўпарасида. Ёнида машҳур Минораи Калон бор. Салобатли мадраса дарвозаси ниҳоятда гўзал тарзда турли нақшлар ва ёзувлар билан безалган. Уларда кўк ранг устувор. Атрофидан дунёнинг турли мамлакатларидан келган сайёҳлар аримайди.
Шу мадрасани қурдирган Саййид Абдуллоҳ Яманий қабри мадрасага киришда чап қўл тарафда. Бу ердаги махсус хилхонада яна бир нечта қабр бор. Улардан бирининг устига ёғочдан сағана ишланган. Бу шайбоний ҳукмдор Убайдуллахоннинг қабри.
Ушбу хилват гўшада бирпас ўтириб, XVI асрга бориб қолгандай бўласиз. Бир пайтлар тарих ғилдирагини бошқарган инсонлар абадий уйқуда. Қуръон оятлари ҳар куни уларнинг руҳларига ҳузур бахш этади. Барчасини Аллоҳ раҳматидан баҳраманд этсин.
Таъкидлаш жоизки, Мир Араб олий мадраса сифатида қурилган. Унинг ўша даврдаги хаттоти Мир Али Ҳиравий Фатҳободий (вафоти 1559 й.) бу даргоҳнинг бунёд этилишига бағишлаб настаълиқ хатида таърих (хронограмма) битган. Қитъа аввалида «Таърих аз Мавлоно Мир Али Котиб Фатҳободий дар асри салтанати Убайдуллоҳхон дар бинои мадрасаи Мир Араб» («Мавлоно Мир Али Котибдан Убайдуллоҳхон салтанати давридаги Мир Араб мадрасаси қурилиши таърихи») ва охирида абжад ҳисоби бўйича чиқадиган ҳижрий «942» йил санаси ёзилган. Мазкур 942/1535 сана Ҳиротнинг иккинчи марта фатҳ йилидир. Мир Али Котиб ёзган таърихни Амир Убайдуллоҳ Баҳодурхон ўша йилнинг жумодул-аввал ойи охирларида ўқиб берган.
Транскрипцияси:
Мири Араб фахри ажам он, ки сохт,
Мадрасаи олий бас бул-ажаб.
Бул-ажаб он аст, ки таърихи ўст,
«Мадрасаи олий Мир Араб». (942)
Мазмуни:
Араблар амири, ажамлар фахри,
У ажойиб олий мадраса қурди.
Ажойиблиги шуки, унинг таърихи:
«Мадрасаи олий Мир Араб» бўлди. (942/1535)
Мир Араб мадрасаси шайбоний Убайдуллахон даврида ҳижрий 942 йили (1535 – 1536) Саййид Абдуллоҳ Яманий томонидан қурдирилган. У 22 ёшида илм олиш мақсадида Ямандан Мовароуннаҳрга келади. Узоқ йўл юриб, фирдавсмонанд Самарқандда тўхтайди ва тариқат аҳлининг қутб ул-ақтоби ҳидоятпаноҳ Хожа Аҳрор Валий хизматига киради. Шу тариқа у Хожа Аҳрор Валийнинг суюкли суҳбатдоши ва улуғ издошларидан бирига айланади. Устозининг файзли даргоҳида зоҳирий ва ботиний илмларнинг етук соҳиби бўлиб етишади. Кейинчалик унинг кўрсатмаси билан Бухорога боради ҳамда мустақил ҳолда иршод билан машғул бўлиб, халқни ҳидоятга чорлайди.
Шайбонийлардан Абулғози Убайдуллоҳ Баҳодурхон унинг энг садоқатли муриди ва дўстларидан эди. Улар ҳақида манбаларда қизиқарли маълумотлар учрайди. Жумладан, Ҳасанхожа Нисорий шундай ёзади: «Ҳазрат Шайбонийхон шаҳид бўлганидан кейин Мовароуннаҳр вилоятининг барча ери Шайбон султонлари қўлидан чиқиб кетди. Ҳижрий тўққиз юз ўн еттинчи йили (1511 – 1512) мазкур амирнинг нафис нафаслари шарофати сабаб ҳазрат Убайдуллоҳ Баҳодурхон уч минг қуролланган чавандоз билан келиб олтмиш минг кишига қарши жанг қилди. «Аллоҳнинг изми билан озчилик кўпчилик устидан ғалаба қилади» ояти калимаси мазмунига кўра душманни енгиб, Мовароуннаҳр мулкини бутунлай қайтариб олди».
Эрон шоҳи Исмоил Сафавий орадан бир йил ўтиб, ҳижрий 918 йили (1512 – 1513) Нажмиддин Соний лақаби билан машҳур Ёр Аҳмад исмли лашкарбошиси етакчилигида Мовароуннаҳрни яна Бобур мирзога қайтариб олиб бериш учун катта қўшин жўнатади. Лашкар Насафда қаттиқ қаршиликка дуч келади. Ғазабланган Нажмиддин Соний шаҳарни эгаллаганидан сўнг аҳолини қирғин қилади. Ривоят қилишларича, душманнинг беҳад катта кучга эга экани шайбоний ҳукмдорларни чўчитиб қўяди. Шунга қарамай, пирининг панд-насиҳат қилиб, қўллаб-қувватлашидан руҳланган Убайдуллахон ёвга қарши курашга қаттиқ бел боғлайди. Натижада иккинчи марта эронийлар устидан зафар қучади.
Бундай курашларда Амир Абдуллоҳ Яманий ҳамиша Убайдуллахонга далда бериб, қўллаб-қувватлайди. Убайдуллахон ўз миннатдорлигини билдириш мақсадида Амир Яманийга катта туҳфалар инъом этади. Яманий ўзидан сармоя қўшиб, маблағни мадраса қуришга сарфлайди. Шу тариқа ҳозирга қадар гўзаллиги ва маҳобати ҳамда қадимий шон-шуҳрати билан барчани лол қолдириб келаётган ушбу мўъжизавий бино дунёга келади. Баъзи муаллифлар унинг тарҳини Амир Абдуллоҳ Яманийнинг ўзи чизган, дейди.
Ушбу улуғвор илм қўрғони қурилиши қарийб йигирма йилдан ошиқроқ вақт давом этади ва ботқоқ ўрнида ғаройиб бир бино қад кўтаради. Буни алоҳида таъкидлашимиз бежиз эмас. Бухоро тарихининг билимдонларидан бири, заҳматкаш олима О. Сухарева Мир Араб мадрасаси ўрнида қадимда ботқоқлик бўлган эди, дея ёзади.
Тақдир ёзиғини қарангки, Мир Араб ҳазратлари бошлаган ишининг самарасини кўра олмайди. Носириддин Ҳанафий маълумотга кўра, у ҳижрий 932 йили (1525 – 1526) вафот этади. Уни ўз мадрасасининг бир чеккасида махсус ҳозирланган жойга дафн қилишади. Бу ҳақда юқорида тўхталдик.
Юртимизда мавжуд мадрасалар орасида фақат угина бино қилинганидан то ҳозирга қадар ўқув соҳасида қарийб узлуксиз фаолият кўрсатиб келяпти. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2023 йилда Мир Араб мадрасасининг 500 йиллиги кенг нишонлангани айни муддао бўлди. Тадбир доирасида «Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни» мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Тадбирда Халқаро мусулмон уламолар кенгаши ва Абу Даби Тинчлик форумининг уламолари, Миср, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон каби қатор давлатларнинг муфтилари, исломшунос олиму тадқиқотчилар қатнашиб, юртимизда аждодлардан мерос диний ва миллий қадриятларимиз кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётганини эътироф этдилар.
Комилжон РАҲИМОВ,
тарих фанлари доктори.