Лаънатланганлар
Ислом динида бировни билиб-билмай лаънатлаш мумкин эмас. Ҳадиси шарифларда бундан қайтарилган. Чунки биз эшитган ёки кўрган маълумотларнинг зоҳирига қараб баҳо бериб қаттиқ адашишимиз мумкин. Ботинини эса Аллоҳ билади холос. Киши бировни ноҳақ лаънатласа, айбласа, катта гуноҳга қўл урган бўлади. Аммо оят ва ҳадисларда лаънатланганларга келсак, улар икки турга бўлинади:
1. Хос лаънатланганлар. Шайтон (Азозил), Фиръавн, Ҳомон, Қорун, Намруд, Абу Лаҳаб, Умму Жамийл, Абу Жаҳл кабилар. Булар қиёматга қадар лаънатга мустаҳиқ ва тавбасиз ўтганлари сабаб абадий жаҳаннамдадир.
2. Умумий лаънатланганлар. Буларнинг сони ниҳоятда кўп. Шу ўринда улардан айримларини келтириб ўтамиз:
• Бировнинг ерини ноҳақ ўзлаштириб олганлар;
• Бировнинг жуфти ҳалолига кўз олайтирганлар;
• Аллоҳнинг номидан бошқанинг номини айтиб жонлиқ сўювчилар;
• Ота-онасини лаънатлаганлар;
• Аллоҳ яратган бандаларга нисбатан зулм қилувчилар;
• Пора берувчилар, олувчилар ва ўртадаги воситачилар;
• Эркакшода аёллар ҳамда хотинсифат эркаклар;
• Баччабозлар (лўттибоз, бесоқолбоз);
• Фоизга пул берувчи, олувчи ва ўртадаги воситачилар;
• Моли нисобга етган тақдирда закотни бермайдиганлар;
• Ажрашган хотинини келишув асосида ҳалола қилдирувчилар;
• Талоқ қилинган аёлни келишган ҳолда ҳалола қилиб берувчилар;
• Маййитнинг нарсасини олиш учун қабрга ўғирликка тушганлар;
• Ароқ ичувчилар ва унга воситачилик қилганлар;
• Хурофот-бидъат ҳамда ирим-сиримларга эътиқод қилувчилар;
• Фолбинни тасдиқловчилар;
• Сеҳрга ишонувчилар;
• Қабр устига шам ёқувчилар;
• Қош терувчи ва тердирувчи аёллар;
• Соч уловчи ва улатувчи аёллар;
• Юзга тамға босувчилар...
Бу каби ишларни бажарганларни Аллоҳнинг лаънатига сабаб бўладиган ишни қилувчилар деймиз. Аммо уларни жаҳаннамга киради деб айтишга асло ҳаққимиз йўқ. Бундай тоифалар ҳадисларда лаънатланган бўлсалар-да, чин дилдан тавба қилсалар, гуноҳлари кечирилиши ҳам айтиб ўтилган.
Шундай экан, аввало, Аллоҳнинг ёки одамларнинг лаънатига дучор бўладиган ишлардан сақланайлик. Қолаверса, билиб-билмай йўл қўйган хатоларимиз учун астойдил тавба қилиб, мўмин бандалар қаторидан жой олишга интилайлик. Шояд, Аллоҳ таоло гуноҳларимизни буткул мағфират айласа.
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси