25.03.2025

БОҒИЙЛАР КИМЛАР?


Араб тилида "بغي" (бағи) сўзи «зулм қилиш, ҳаддан ошиш, исён кўтариш» маъноларини англатади. 
Ҳанафий мазҳабида боғийлар – ўзларига кўра асосли шубҳа билан мусулмон имомига қарши қуролли исён кўтарган кишилардир. Улар очиқдан-очиқ зулм қилувчи ёки кофир ҳукмдорга эмас, балки адолатли ва амалда мусулмон ҳукмдорга қарши курасҳадилар.
Ислом шариати мусулмон жамиятининг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратган бўлиб, унинг асосий тамойилларидан бири мусулмонлар ўртасида тартиб ва интизомни сақлашдир. Шу муносабат билан, Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифлар мусулмонларга адолатли ҳукмдорга бўйсуниш, фитна ва исёндан йироқ бўлишни буюрган. Ҳанафий мазҳабига кўра, адолатли ҳукмдорга қарши исён қилиш («боғийлик») катта гуноҳлардан ҳисобланади ва шариатда оғир оқибатларга олиб келиши таъкидланади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳужурот сураси 9-оятида шундай марҳамат қилган:

}وَإِن طَآئِفَتَانِ مِنَ ٱلْمُؤْمِنِينَ ٱقْتَتَلُوا۟ فَأَصْلِحُوا۟ بَيْنَهُمَا  فَإِنۢ بَغَتْ إِحْدَىٰهُمَا عَلَى ٱلْأُخْرَىٰ فَقَٰتِلُوا۟ ٱلَّتِى تَبْغِى حَتَّىٰ تَفِىٓءَ إِلَىٰٓ أَمْرِ ٱللَّهِ  فَإِن فَآءَتْ فَأَصْلِحُوا۟ بَيْنَهُمَا بِٱلْعَدْلِ وَأَقْسِطُوٓا۟  إِنَّ ٱللَّهَ يُحِبُّ ٱلْمُقْسِطِينَ{
«Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севади.» 
Бу оятдан маълум бўладики, агар икки мусулмон жамоаси ўзаро урушса, аввал тинчликка чақириш керак. Агар бири зулм қилса ва исён йўлини тутса, улар билан урушиш жоиз бўлади. 
Боғийлар адолатли ҳукмдорга қарши чиққан исёнчилар бўлиб, улар Қуръонда зикр қилинган жазо чоралари билан жазоланади. Агар улар зулм ёки фитна учун исён кўтарган бўлсалар, улар фасодчи саналади ва қаттиқ жазоланади. Улар билан жанг қилишдан олдин уларни насиҳат қилиш ва огоҳлантириш шарт. Агар улар таслим бўлса, ўлдирилмайди ва мол-мулкларига тегилмайди.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ боғийларга қарши курашиш тартибини қуйидагича баён қилганлар:
1. Аввал исёнчиларга насиҳат ва тушунтириш берилади.
2. Агар улар тавба қилмаса, уларга қарши уруш қилинади.
3. Агар енгилса ва таслим бўлса, ўлдирилмайди.
4. Агар қўлга тушса, қамоқ жазоси берилади.
Ҳанафий мазҳабида адолатли мусулмон ҳукмдорга қарши исён қилиш ҳаром ва катта гуноҳлардан биридир. Ҳадисларда итоат ва жамоатга боғланиш буюрилган. 
Имом Абу Ҳанифа ва ҳанафий уламолари боғийларни кофир демайди, лекин улар билан урушиб, тартиб ўрнатиш лозимлигини таъкидлайди.
Юқоридагилардан-мўминлар ўртасида низолар чиқса, аввало тинч йўл билан ҳал қилиш кераклиги, агар бир томон исён йўлини тутилса, адолатли йўл билан уни тўғри йўлга қайтариш лозимлиги маълум бўлади.
Хулоса
Ҳанафий мазҳабига кўра, мусулмон жамиятининг бирлик ва барқарорлиги энг муҳим қадриятдир. Шунинг учун, мусулмонларнинг исён кўтариши, фитна чиқариши ва қон тўкилишига сабаб бўлиши қатъиян ман этилган. Қуръони Карим ва ҳадислар ҳам бу борада аниқ далиллар беради. Шунингдек, мусулмонлар адолатли ва исломга мос бошқарувга риоя қилишлари, агар зулмга дуч келсалар, уни шариат йўли билан тўғрилашлари лозим. Ислом динида фитнадан тийилиш ва мусулмонлар орасида тинчликни сақлаш энг олий қадриятлардан биридир.


Намоз ИСМОИЛОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси