19.03.2025

Қуръони Карим: Илоҳий Ҳидоят ва савоб манбаи

Қуръони Карим — инсониятга берилган энг улуғ неъматдир. Бу муқаддас китобнинг ҳақиқий васфи Аллоҳ таолонинг ўзи томонидан берилган. Қуръони Каримнинг улуғлиги ва аҳамияти ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:


إِنَّهُۥ لَقُرْءَانٌۭ كَرِيمٌۭ ٧٧  فِى كِتَـٰبٍۢ مَّكْنُونٍۢ ٧٨ لَّا يَمَسُّهُۥٓ إِلَّا ٱلْمُطَهَّرُونَ ٧٩ تَنزِيلٌۭ مِّن رَّبِّ ٱلْعَـٰلَمِينَ ٨٠
«Албатта, у Қуръони Каримдир. У Сақланган китобдадир. Уни фақат покланганларгина ушлайдир. У оламларнинг Роббисидан туширилгандир» (Воқиа сураси, 77–80-оятлар).


Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони Карим ҳақида яна шундай деган:


ذَٰلِكَ ٱلْكِتَـٰبُ لَا رَيْبَ ۛ فِيهِ ۛ هُدًۭى لِّلْمُتَّقِينَ ٢
«Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир» (Бақара сураси, 2-оят).


Аллоҳ таоло бошқа ояти каримада шундай марҳамат қилади:


قَدْ جَآءَكُم مِّنَ ٱللَّهِ نُورٌۭ وَكِتَـٰبٌۭ مُّبِينٌۭ ١٥ يَهْدِى بِهِ ٱللَّهُ مَنِ ٱتَّبَعَ رِضْوَٰنَهُۥ سُبُلَ ٱلسَّلَـٰمِ وَيُخْرِجُهُم مِّنَ ٱلظُّلُمَـٰتِ إِلَى ٱلنُّورِ بِإِذْنِهِۦ وَيَهْدِيهِمْ إِلَىٰ صِرَٰطٍۢ مُّسْتَقِيمٍۢ ١٦
«Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди. У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилар» (Моида сураси, 15–16-оятлар).


Бу оятлардан кўринадики, Қуръони Карим инсониятга ҳидоят ва нур манбаидир. У нафақат диний йўл-йўриқ, балки ҳаёт қонуниятларини ҳам ўз ичига олади.
Қуръонни ўқиш ва ўрганиш фазилати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни ўқиш ва ўрганишнинг фазилати ҳақида қуйидагиларни айтганлар:

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ! أَوْصِنِي، قَالَ: «أُوصِيكَ بِتَقْوَى اللَّهِ، فَإِنَّهَا رَأْسُ أَمْرِكَ». قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ زِدْنِي. قَالَ: «عَلَيْكَ بِتِلاوَةِ الْقُرْآنِ، وَذِكْرِ اللَّهِ، فَإِنَّ ذَلِكَ نُورٌ لَكَ فِي الأَرْضِ وَذخْرٌ لَكَ فِي السَّمَاءِ». )رواه ابن حبان(
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен: “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?” — дедим. У зот: “Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларингнинг бошидир”, — дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг”, — дедим. Шунда у зот: “Сен Қуръон тиловатини ўзингга лозим тут. Зеро у сен учун ерда нур ва осмонда заҳира бўлади”, — дедилар» (Ибн Ҳиббон ривояти).

 

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз масжидга бориб, у ерда Қуръон ўрганиб ёки Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оят ўқиш икки туядан яхшироқдир. Уч оят ўқиши уч туядан яхшироқдир. Тўрт оят ўқиши тўртта туядан яхшироқдир”, — дедилар» (Имом Муслим ривояти).


Қуръон тиловатидаги савоб
Қуръонни тиловат қилиш ва ундан ҳар бир ҳарф ўқиш катта ажру савобларга сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:


عَبْدَ اللَّهِ بْنَ مَسْعُودٍ يَقُولُ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللَّهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ، وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا، لَا أَقُولُ : الم حَرْفٌ، وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ، وَلَامٌ حَرْفٌ، وَمِيمٌ حَرْفٌ ". )رواه الترمذي(
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бунинг учун бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн баробарга кўпайтирилур. “Алиф. Лаам. Мийм — бир ҳарф” демайман. Балки “Алиф” бир ҳарф, “Лаам” бир ҳарф, “Мийм” бир ҳарф”, — дедилар» (Имом Термизий ривояти).


Қуръон Каримдаги ҳарфлар сони борасида турли ҳисоб-китоблар мавжуд. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур «Тафсиру Қуръанил Азим» асарида Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзини келтирган:
«Ҳисобимизга қараганда, Қуръони Каримдаги сураларнинг ҳарфи 320015 та ҳарфдан иборат».
Замонавий технологиялар ёрдамида эса айрим мутахассислар Қуръон Каримда 322604 та ҳарф борлигини ҳисоблаб чиқишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига кўра, ҳар бир ҳарф ўқиш ўн баробар савобга эга. Демак, ким Қуръонни бир марта хатм қилса, у 3 226 040 та савобга эга бўлади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Қуръони Карим инсон ҳаётидаги энг муҳим ва муқаддас манбадир. Уни ўқиш, ўрганиш ва унга амал қилиш инсоният учун на фақат бу дунёда, балки охиратда ҳам нур ва заҳира бўлади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон Қуръонни доимий равишда тиловат қилиши, уни ўрганиши ва ҳаётида амал қилиши лозим. Аллоҳ таоло барчамизга Қуръони Каримдан мустаҳкам чамбарчас ушлашни насиб қилсин!

Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби, 
“Болои Ҳовуз” масжиди имом хатиби